$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

“Толибон” билан электр бўйича келишув яна узайтирилди

Толибон Tolibon

Ўзбекистон ва Афғонистон электр энергияси етказиб бериш бўйича келишувни 2024 йилгача узайтирди, деб хабар қилди «ДАБС» Афғонистон энергетика компаниясининг матбуот хизмати.

ДАБС президенти сўрови

14 декабрь куни «Миллий электр тармоқлари» ва Афғонистон энергетика компанияси вакиллари Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш масаласини муҳокама қилди.

ДАБС президенти электр энергияси тарифларини пасайтириш, компания ходимларининг виза муаммоларини ҳал қилиш, Сурхон — Пули-Хумори электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини қайд этиб, энергетика соҳасидаги инфратузилма муаммоларини ҳал этиш ва электр энергияси етказиб бериш ҳажмини оширишни сўради.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мамлакат энергия таъминотида техник муаммолар мавжудлигини таъкидлаб, учта энергетика объекти таъмирлангач, электр энергияси таъминоти тикланишини қайд этган.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон электр энергиясини Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистондан юқори нархда сотиб олади ва электр энергияси эса газ ва нефть орқали ишлаб чиқарилади, бу эса таннархни оширади. 

Энергетика вазирлиги раҳбари Афғонистондан кўмир ва нефть сотиб олишга ҳам тайёрлигини билдирган.

Аномал совуқ инқирози

Маълумот учун, Ўзбекистон йил бошида техник сабабларга кўра Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатганди. Январь ойи ўртасида Ўзбекистонда газ ва электр энергияси билан боғлиқ вазият инқирозли бўлиб, мамлакатда давом этаётган аномал совуқ ҳаво туфайли мактабларда қишки таътил узайтирилганди. Пойтахт Тошкент туманларида ҳам газ ва электр энергиясидан бир неча соатларда узилиш давом этган. Келишувга кўра, Ўзбекистон Афғонистонга қишда 450 мегаватт электр энергияси етказиб бериши керак бўлган. 

Таҳдид ва танқид. Электрсиз қолган Кобул

Шундан сўнг, Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий 22 январь, якшанба куни Ўзбекистонни Кобул ва Тошкент ўртасида имзоланган шартномада кўрсатилган миқдорда электр энергиясини етказиб беришга чақирганди.

Муттақий қишнинг совуқ кунларида Ўзбекистон электр таъминотини тўхтатганини танқид қилиб,

“Улар бизга 400 мегаваттдан ортиқ энергия етказиб беришни ваъда қилган. Мамлакат бу ваъдаларига содиқ қолиши керак. Улар ҳозир электр таъминотини узиб қўйган, халқ эса муаммоларга дуч келмоқда”, дея ўз норозилигини билдирган. Маълумотларга кўра, ўша вақтда Кобул аҳолиси учун электр энергияси 24 соат ичида бир соат атрофида берилган.

Вазирлик изоҳи

Юқоридаги воқеадан сўнг Энергетика вазирлиги 25 январдан бошлаб Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришни қайта тиклашни режалаштирилаётгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар беради. Хабарда “Жорий йилнинг 14 январь санасидан республикамиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида иссиқлик электр станцияларида ёқилғи таъминотида вужудга келган муаммолар, яъни ёқилғи танқислиги ва турли носозликлар пайдо бўлгани, шунингдек, республика истеъмолчиларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилган эди. Ушбу форс-мажор ҳолати ҳақида Афғонистон энергетика ташкилоти огоҳлантирилган”, дея ёзилади.

Қўшимча сифатида, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва ички истеъмолга мўлжалланган электр энергияси экспортга йўналтирмайди.


Яқинда Сурхондарё вилояти ҳокимининг “Толибон” вакиллари билан учрашуви ҳақида хабар бергандик.