$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

“Толибон” билан “Қўштепа” борасида муросага эришиладими?

афғон ўзбек учрашуви

Ҳафта бошида Афғонистонда “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа суғориш каналида ноябрь ойи бошларида биринчи жиддий авария юз бергани ва унинг оқибатлари ҳалигача бартараф этилмагани ҳақидаги хабарлар тармоқларда тарқала бошлади. Термиз шаҳридан 25 км. нарида, Афғонистондаги Зодиён аҳоли пункти шимолида жойлашган ва каналнинг ўпирилган деган даъво билан тарқатилаётган фотосуратлар 10 ноябрь куни сунъий йўлдош орқали тасвирга олинган.

Lightbox Image Унда каналнинг ўпирилган жойи ва янги пайдо бўлган сунъий сув омбори кўрсатилган.

Янги иштирокчи

Шавкат Мирзиёев уч ой аввал Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида Қўштепа канал ҳақида “Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди”, — деган эди. Президент каналнинг ишга туширилиши “Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин”, дея таъкидлаб, иштирокчиларни канал қурилишининг барча жиҳатларини ва унинг Амударёнинг сув режимига таъсирини ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга чақирган эди.

Махсус делегация 

Шу йилнинг 17 октябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов “Газета.uz” мухбири билан бўлган суҳбатда Афғонистонда “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа канали юзасидан музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистон ҳукумати делегацияси тузилаётганлиги ҳақида маълумот берганди.

“Ҳозирча улар канални очгани йўқ, кеча кўрсатганлари бу сизот (еростидан сизиб чиқадиган сув — таҳр.) сувлари эди. Дарёда қурилиш ишларини тўлиқ амалга ошириб бўлишмаган. Бироқ, хоҳлаймизми, йўқми, сувга таъсири қилади, камайишига олиб келади. Ўзлаштириш учун ҳали йиллар керак, канални қуришнинг ўзи бўлмайди. Канални қазиганда мутахассислар билан қилиш керак. Улар ҳали ерни ўзлаштиргани йўқ, ер ўзлаштирилиб, сувни ишлатиш жойи бўлиши керак. Ўзлаштириш ҳам катта маблағ талаб қилади. Биз сувнинг бошидамиз, ҳаммага таъсири бўлади, албатта. Унгача (масала) ҳукуматлараро (даражада) кўриб чиқилади”, - деган эди вилоят ҳокими.

Шунингдек , ташриф ҳақида “Борсак, бу масалани (сув тақсимотини), албатта, кўтарамиз. Ҳозир қачон бориш масаласи кўриб чиқилмоқда, уларга хатлар юборилган, (ташриф) бир-бир ярим ой ичида бўлиб қолади”, дея маълумот берганди Улуғбек Қосимов.

Асосий муаммо кўтарилмаган мажлис

Бироз аввал Сурхондарё вилояти ҳокимиятининг телеграмдаги расмий саҳифасида “Мозори Шарифда Ўзбекистон – Афғонистон ишчи комиссиясининг тўртинчи мажлиси бўлиб ўтмоқда” сарлавҳаси остида пост жойланди. Унга кўра, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегацияни Ҳайратон шаҳрида Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Абу Идрис ҳамда бошқа расмийлар кутиб олган.

Айни вақтда Балх вилояти губернатори қароргоҳида икки давлат ўртасида чегараолди савдо-иқтисодий ҳамкорлик Қўшма комиссиясининг тўртинчи йиғилиши доирасида вилоятимиз раҳбари Улуғбек Қосимов ва Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо бошчилигидаги икки томон делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги расмий музокаралари бўлиб ўтмоқда. Унда савдо, транспорт, темир йўл ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, геология йўналишида кооперация алоқаларини ўрнатиш, табиий пардозбоп тошлар хомашёсини ҳамкорликда қайта ишлаш, қумли чанг шамолларининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида Амударё бўйига туташ ҳудудларда “Яшил белбоғ” ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилиш масалалари муҳокама қилинаётгани маълум қилинган. Аммо унда авария ҳолати юз берган Қўштепа канали ҳақида ҳеч гап айтилмаган.

Постда мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ҳам иштирок этаётганлиги ёзилган.

Муҳокамалар якунида канал борасида ҳоким айтган “ўзаро келишув”га эришиладими-йўқми, ҳозирча бу борада маълумот йўқ.

Қўштепа ҳақида икки оғиз

Маълумот учун, Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх вилояти Калдор туманидан бошланиб, Жовузжон вилоятидан ўтиб, Фарёб вилоятининг Андхой туманигача етиб боради. Унинг узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади. Амударёнинг ўртача сув сарфи сониясига 2,5 минг метр куб. Унинг 80 фоиз сувини Панж ва Вахш дарёлари беради. Вахш Тожикистонда, Панж эса Афғонистон ва Тожикистон ҳудудида жойлашган. Панж дарёси сониясига 1,3 минг метр куб сув беради. Чирчиқ дарёси оқими сониясига 221 метр куб, Қўштепа канали шундан 3 баробар катта бўлади.