$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

2023 йилда аҳоли умумий даромадларнинг реал ўсиши секинлашган

Pul Пул

Куни кеча “20 минг топган одам камбағал эмас” мазмунидаги ажойибу-ғаройиб статистика ҳақида маълумот берган эдик. Буни қарангки, аҳолининг иқтисодий жиҳатдан даромадлари ўсмаган, аксинча пастлаган экан. Хўш, бунга нима дейсиз?

Ўзбекистонда 2023 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиши 102,4 фоизни ташкил этди ва 2022 йилдаги 107,3 фоизга нисбатан секинлашди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида маълумот берилган.

Аҳолининг умумий даромади нима?

Агентликнинг дастлабки маълумотларига кўра, 2023 йил якуни бўйича аҳолининг умумий даромадлари 728,8 трлн сўмни ташкил этган. Хўш, аҳолининг умумий даромади нима?

Аҳолининг умумий даромадига пул даромадлари ва натура шаклидаги даромадлар киради ҳамда доимий асосда, такрорланувчи хусусиятга эга бўлган, йиллик ёки ундан кам вақт оралиғидаги даврда уй хўжалиги ёки унинг алоҳида аъзоларига тушадиган тушумлардан таркиб топади.

Реал умумий даромадлар қандай ҳисобланади?

2023 йилда умумий даромадларнинг номинал ўсиши 115 фоизни ташкил этган бўлса, реал ўсиш суръати 104,6 фоиз бўлган. Маълумот учун, аҳолининг реал умумий даромадлари – аҳолининг номинал умумий даромадларини тегишли давр учун истеъмол нархлари индексига бўлиш йўли билан ҳисобланади.

Энг юқори кўрсаткич — 44 млн 427 минг

Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 20 млн сўмни ташкил этди ва кўрсаткичнинг номинал ўсиши 112,6 фоиз, реал ўсиши эса 102,4 фоиз даражасида бўлди (2022 йилда 107,3 фоиз бўлган). 2023 йилда аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми Тошкент шаҳрида (44 млн 427 минг 900 сўм) ва Навоий (31 млн 445 минг 600 сўм), Бухоро (23 млн 480 минг 300 сўм), Тошкент (20 млн 730 минг 200 сўм) ҳамда Хоразм (20 млн 76 минг 600 сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Энг қуйи кўрсаткичлар қаерда?

Энг қуйи кўрсаткичлар Қорақалпоғистон Республикаси (14 млн 570 минг сўм), Наманган (15 млн 070,6 минг сўм) ва Фарғона вилоятларида (15 млн 716 минг 500 сўм) қайд этилди.

Умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши

Ҳудудлар бўйича аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳри (7,6 фоиз), Навоий (5,7 фоиз), Сирдарё (4,4 фоиз), Андижон (4,4 фоиз) ва Жиззах (4,3 фоиз) вилоятларида кузатилди. Хоразм (-6,4 фоиз), Сурхондарё (-0,8 фоиз), Самарқанд (-0,5 фоиз), Бухоро (-0,4 фоиз), Наманган (-0,3 фоиз) вилоятларида жон бошига умумий даромадлар реал кўрсаткичи пасайган.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot