$
 12697.00
2.04
 13547.70
38.99
 135.05
0.39
weather
+26
Кечаси   +14°

Ким қанча инвестиция киритяпти? Президент Япония, Жанубий Корея ва БАА билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича видеоанжуман ўтказди

видеойиғин Президент видеоанжуманда инвестицион лойиҳалар бўйича ҳисобот олди

Шавкат Мирзиёев инвестицион ва ташқи савдо фаолиятининг жорий йил I ярмидаги кўрсаткичларини муҳокама қилишга, шунингдек, Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан устувор қўшма лойиҳаларнинг боришини ҳамда савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоанжуман ўтказди.

Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари муттасил ошиб бораётган ҳамкорлар Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан боғлиқ келгуси режалар ҳақида сўз борди.

Япония билан ҳамкорликда геология, кимё ва нефть-кимё, банк-молия, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларда умумий қиймати 5,6 миллиард долларлик 48 та лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди. меҳмонхона мажмуаларини қуриш бўйича “HIS” компанияси билан, “СамАвто” қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш бўйича “Isuzu” ва “Itochu” компаниялари билан, Навоий иссиқлик электр станциясида энергетик блоклар барпо этиш бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Корея Республикаси билан йил бошидан буён товар айирбошлаш қарийб 1 миллиард долларга етди, Жанубий Корея капитали иштирокида 60 та янги корхона ташкил этилди, уларнинг умумий сони эса 855 тага етди. Шу йил Тошкент шаҳрида кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази ҳамда Фарғона шаҳрида Ўзбекистон-Корея халқаро университетини ташкил этиш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани, улар доирасида 1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани таъкидланди.

Бирлашган Араб Амирликлари билан шерикликда умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. БАА сармояси иштирокидаги корхоналар сони 141 тани ташкил этяпти. 

Хусусан, “Masdar” компанияси Навоий вилоятида 500 МВт қувватига эга шамол электр станцияси қурилишига инвестиция киритмоқда, сармояларнинг умумий ҳажми эса 500 миллион доллардан ошади. Абу-Даби тараққиёт фонди иштирокида эълон қилинган капитали 1 миллиард доллар бўлган қўшма инвестиция компанияси таъсис этилди. Компания илк лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади.

Шунингдек, Абу-Даби тараққиёт фонди Самарқанд шаҳрининг инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этмоқда.

БААнинг “Mubadala” давлат инвестицион компанияси билан энергетика соҳасида ҳамда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш ва уларни чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.