$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Uzcard жавобгарликка тортилиши мумкин – Монополияга қарши курашиш қўмитаси Uzcard‘ни «огоҳлантирди»

uzcard

Кўпчиликка “Uzcard” бренди орқали таниш бўлган “Ягона умум республика процессинг маркази” МЧЖ Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 27-моддасига биноан жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақида Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Гап шундаки, аввалроқ Uzcard онлайн-омонатлар бўйича банклардан 0,25 фоиз миқдорида тўлов олишни бошлаганди. Бу тартиб илгари ҳам амал қилган бўлиб, 2018 йилда мижозларни жалб қилиш мақсадида олиб ташланган эди. Бироқ жорий йилнинг 1 май санасидан эътиборан қайта тикланди ва бу кўпчилик фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ўшанда Uzcard бош директори Аҳрор Махмудов буни айримларнинг мазкур имтиёздан солиқларни четлаб ўтиш мақсадида фойдаланаётгани билан изоҳлаганди. 

Салкам икки ой (54 кун) аввал Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси мазкур ҳолатни ўрганишни бошлаганди. Қўмитанинг бугун (26 йюнь)ги баёнотида айтилишича, “Ягона умум республика процессинг маркази” МЧЖ Қўмитага омонат хизматлари учун комиссия тузишга оид ҳисоб-китоб материаллари ва асосларни ҳанузгача тўлиқ тақдим қилмаган ва шу сабабли ўрганиш муддати чўзилиб кетган. 

“Агар “Ягона умум республика процессинг маркази” МЧЖ томонидан сўралган маълумотлар тақдим этилмаса, Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасига биноан, мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг маъмурияти маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин”, дейилади қўмита баёнотида.