Ҳисобот: Тошкентдан уйли бўлиш Токио, Париж ёки Лондондан уй олишга тенг
Емай-ичмай ишлаган одам ўртача 10 йилда тураржой сотиб олиши мумкин.
2 daqiqa o‘qiladi

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан “Ўзбекистон кўчмас мулк ва ипотека бозори” ҳисоботи тайёрланди. Ҳисобот Бизнесни ривожлантириш банки ҳомийлигида тайёрланиб, республика бўйича уй-жой нархлари, кўчмас мулк бозорининг жорий ҳолати ва келажаги ҳамда фундаментал ва иқтисодий омилларга асосланган пуфак хавфи тўғрисидаги таҳлиллар билан биргаликда 5 455 аҳоли ва 141 қурилиш компаниялари орасида ўтказилган сўров натижаларини ҳам ўз ичига олади.
Асосий хулосалар:
- Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари учун ҳисобланган “пуфак индекси” нархлар пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали хонадон сотиб олиш учун талаб этиладиган муддат (ўртача иш ҳақига нисбатан) 10 йилгача етган. Бу борада Тошкент шаҳри Токио, Париж ва Лондон шаҳарларига деярли етиб олган (UBC, 2023).
- Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгариши ва унинг ижарасидан келадиган умумий йиллик даромадлилик жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги узоқ муддатли депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкасидан (2023 йил сентябрда 5,3%) анча юқори ҳисобланади.
- Ўтган йилларда аҳоли сонининг 1%га кўпайиши уй-жойга бўлган талабнинг 0,8%га ошишига олиб келган.
- 2021-2023 йилларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўртача ҳисобда уй-жой сотиб олувчи ҳар бешинчи киши ипотека кредитларига мурожаат қилган. Бу эса ушбу ҳудудларда аҳоли уй-жой сотиб олишда асосан ўз маблағларидан фойдаланаётганлигидан далолат беради.
- Ҳудудларда 1 кв.м. учун кадаст ҳужжатлари чиққандан кейинги нарх кадастр олишдан олдинги нархдан ўртача 19-20%га қимматлашади. Пойтахтда эса ушбу кўрсаткич 35-39%гача етади.
- Уй-жой нархларининг 500 млн сўмдан ошиши аҳолининг 80%дан ортиғининг уй сотиб олиш имкониятларини пасайтириб юборади.
- Аҳолининг аксарият қисми ипотека кредити ёки уй-жой нархини бўлиб тўлаш учун ойига 4 млн сўмгача тўлаш қобилиятига эга.



