$
 12620.09
19.95
 13599.41
-42.76
 136.73
0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Президент қарори лойиҳаси: Тошкентни ривожлантириш учун 1 трлн сўм ажратилади

Тошкент

“Тошкент шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Унга кўра, Тошкент шаҳрида иқтисодий ўсишни ва инвестицион фаолликни рағбатлантириш, янги инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш, бўш турган ер майдонларидан мақбул фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

Жумладан, “Индустриал парк “Сергели” кичик саноат зонасида қиймати 148,8 млн АҚШ долларилик 48 та лойиҳа, “Хонобод” ҚФЙ ҳудудида эса қиймати 71 млн долларлик 26 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида бир қатор йўл ва қўприклар реконструкция қилиниши, янги автомобиль йўллари ва йўл ўтказгичлар қурилиши айтилмоқда. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2020-2030 йилларда Тошкент шаҳрининг йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 йиллик муддатга 200 миллион долларгача қийматда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати остида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кредит маблағларини тақдим этиш учун Франция таррақиёт агентлиги ва бошқа халқаро молиявий институтлар ва хорижий давлатларнинг молия ташкилотларининг қарз маблағлари жалб этиш вазифаси юклатилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сирғали туманларининг ҳудудларидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоғининг 16 километрлик қисмини 65-80 метргача торайтириш ва торайтириш натижасида ҳосил бўлган бўш ер майдонларини электрон аукцион орқали сотилади, Тошкент шаҳар ҳокимлигига умумий узунлиги 656 километр бўлган пиёдалар ва велосипедлар юриш йўлларини қуриш учун 2023 йилгача муддатга 1 трлн сўм фоизсиз ссуда ажратилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги ПҚ–3895-сон “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 9-банди билан кўзда тутилган имтиёзлар: 

а) инвесторлар — мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан;

бош пудратчи ва бош лойиҳа ташкилотлари — Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан;

ташкилотлар-норезидентлар — ҳам доимий муассаса, ҳам Ўзбекистон Республикасида тўлов манбаси орқали олинадиган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан;

дирекциялар, инвесторлар, бош пудрат ташкилотлари — Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуна, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун божхона тўловларини (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан;

б) дирекциялар «Business city» марказлари фаолият кўрсатишининг бутун даврида солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилиниши – 2025 йил 1 январга қадар узайтирилади.