$
 12928.27
18.47
 13462.21
46.35
 129.66
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Цемент нархининг ошиш сабаби очиқланди

Цемент нархининг ошиш сабаби очиқланди цемент нархлари

Жорий йилдан цемент импорти бўйича чекловлар бекор қилинганлигига қарамасдан июнь – июль ойларида маҳсулотга бўлган талабнинг кўпайгани сабаб нархларнинг ўсиш ҳолатлари кузатилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 6 ойида биржада барча турдаги цементнинг нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 502,0 минг сўмдан 797,0 минг сўмгача, яъни 59 фоизга ўсди. Нархларнинг ўсиши асосан жорий йилнинг май–июнь ойларига, яъни қурилиш мавсумининг бошланиш даврларига тўғри келган.

Цементга бўлган талаб ва нархларнинг ошишига амалга оширилаётган қурилиш ишларининг фаоллашуви ва жадаллашуви ҳамда цемент маҳсулоти импорти ҳажмларининг камайганлиги сабаб бўлмоқда.

Ҳукумат топшириқларига асосан цемент нархининг шаклланишига биржа томонидан ҳар бир харидор учун 114,0 тонна миқдоридаги кунлик лимитнинг қўлланилиши ўз ижобий таъсирини кўрсатиб, ўтган савдоларда цемент маҳсулотини харид қилган иштирокчиларнинг сони деярли икки баробарга кўпайиб, 540 нафарни ташкил этди.

Хабар берилишича, 2020 йилнинг 26 июнь куни 1тонна цементнинг ўртача нархи 797,0 минг сўмни ташкил этган бўлса 30 июнь кунига 728,9 минг сўмни ташкил этди (8,5 фоизга арзонлашган). Бироқ, мазкур тадбир ҳам цементга бўлган талабнинг юқорилиги сабабли нархларни сезиларли даражада туширилишига ва талабнинг қондирилишига етарлича таъсир этмади. Цементга бўлган талабнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қоплаб берилмаётганлиги сабабли, импорт цементга ҳам эхтиёж ошмоқда. Лекин, бу ҳолатда ҳам тадбиркорлар маълум қийинчиликларга дуч келмоқдалар.

Хусусан, айни кунда ГОСТ 31107-2016 ва ГОСТ 10178-85 меъёрий ҳужжатлари талабларига асосан импорт асосида олиб кирилган цемент маҳсулотини божхонада расмийлаштириш учун 28 кун лаборатория синовларидан ўтказилади ҳамда ижобий лаборатория хулосаси мавжуд бўлган тақдирда ички бозорда реализация қилинади. Бунинг ҳисобига импортидан цемент маҳсулотини олиб кириш ҳажмлари олдинги давларга нисбатан сезиларни камайган.

Ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида жорий йилнинг 2 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда, цемент бозорида таклиф даражасини кўтариш ва ички бозорни услуксиз равишда цемент билан таъминлаш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Давлат божхона қўмитаси ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига цемент маҳсулотини импорт асосида олиб киришда мавжуд нотариф тўсиқларни бартараф этиш, бунда сифатсиз цемент импорт қилувчиларни жавобгарлигини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тегишли қарор лойиҳасини тез кунларда киритиш топшириғи берилган.