$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

ХАЛҚАРО ЁШЛАР ФОРУМИ ҚИЗҒИН ДАВОМ ЭТМОҚДА

IES27

Форумнинг учинчи куни қатнашчилар учун югуриш бўйича “Энергетиклар марафони” билан бошланди. Унда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибига кирувчи барча корхоналарнинг 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин энергетиклари иштирок этишди. Ёш энергетиклар умумий ҳисобда 3 километр масофани босиб ўтишлари керак бўлди. Марафон ғолиби ҳамда совриндорлари “Бирлашсак, катта кучмиз!” халқаро ёшлар форумининг ёпилиш маросимида тантанали равишда тақдирланадилар.

Шу куннинг ўзида энергетика соҳасида илмий-инновацион ишланмалар устида иш олиб бораётган ёшлар иштирокида “Иссиқлик электр станцияларини ривожлантиришнинг инновацион ечимлари” мавзусида илмий-техник конференция бўлиб ўтди. 

Унда, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институти мутахассислари, фахрий энергетиклар, “Mitsubishi Corporation” япон компанияси вакиллари, соҳага оид таълим даргоҳларининг ўқитувчи-профессорлари, талаба ёшлар ва форум қатнашчилари иштирок этди. Анжуман давомида иссиқлик электр станцияларини замонавий инновацион ечимлар асосида модернизация қилиш, янгича технологияларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш масалалари муҳокама этилди. 

Форум доирасида “INNO-TPP” илмий-техник клубига асос солинди. Буни чин маънода конференциянинг кульминацион нуқтаси сифатида эътироф этиш мумкин. 

Зеро, клуб давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнига йирик инвестицияларни кенг жалб этиш, янгидан янги ишланмаларни ва муқобил энергия манбаларини жорий этиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришни мақсад қилган.

“INNO-TPP” илмий-техник клуби энергетика соҳасида таҳсил олаётган талабалар, соҳани замонавийлаштириш ҳамда ёқилғи-энергия сарфини камайтиришга қаратилган илмий ишланмалар устида иш олиб бораётган ёш олимлар ҳамда мазкур соҳада ишлаётган маҳаллий ва хорижий ёш мутахассисларни бирлаштиради. Мақсад - энергетика йўналишидаги энг сўнгги ишланмаларни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда соҳа тараққиёти йўлида йилда икки марта илмий-амалий учрашувларни ташкил этишдан иборат. 

Форумнинг учинчи иш куни давомида қатнашчилар спортнинг триатлон тури бўйича станциялараро мусобақаларда иштирок этишди. Бунда сузиш, велопойга ва югуриш бўйича энг тезкор ва иродали жамоалар аниқланди. 

Кун якуни сифатида қуёш оғиши билан бошланган маданий тадбир ёшларга хуш кайфият бағишлади. 

Маълумот ўрнида, Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури, юртимизда амалга оширалаётган ёшларга оид давлат сиёсати тамойиллари ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида ўтказилмоқда.