$
 10830.17
-16.91
 11391.17
-19.96
 203.96
0.07
weather
+38
Кечаси   +23°

Энергетика ислоҳотига старт берилмоқда: Ижтимоий норма кутилганидан ортиқроқ берилади

энергетика ислохоти

Энергетика ислоҳотлари бошланмоқда. “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси ниҳоят эълон қилинди. Қарор лойиҳасига кўра, қатор тезислар ва келажак учун муҳим муждаларни сезиш мумкин:


Биринчидан, аҳоли учун ижтимоий меъёрлар кутилганидан ҳам зиёда белгиланмоқда. Демак, ижтимоий норма миқдори электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт соатгача, табиий газ бўйича мавсумийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, апрель-сентябрь ойлари учун 200 куб метргача ва октябрь-март ойлари учун 700 куб метргача ўрнатилади. Аввалроқ электр учун ойига 200 кВт.соат, газ учун эса 500 куб метргача ижтимоий норма белгиланиши кутилганди .


Иккинчидан, аҳоли учун ижтимоий норма доирасидаги тарифларнинг арзонлиги таъминланади. 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм этиб белгиланади. 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм. Амалдаги, 2019 йил августдан бери амал қилаётган тарифларга солиштирилса, индексация электр энергияси бўйичв 10,16%ни, газ бўйича эса 7,89%ни ташкил этади. Ушбу даврда расмий инфляция 27%дан ошгани инобатга олинса, ижтимоийлик тамойили тарифларда ҳам сақланган.


Учинчидан, бойлар ва бизнес энергия истеъмоли учун қиммат тўлайди. Аҳолига ижтимоий нормадан ташқари истеъмол электр учун 1 кВт соат – 650 сўм, газ эса, ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм. Бизнес электр учун ҳар кВт соат учун 600 сўмдан, газ учун эса ҳар куб м учун 1150 сўмгача тўлайди. Алоҳида истеъмолчилар - Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун тарифлар янада қимматроқ ўрнатилган.


Тўртинчидан, бизнес учун олдиндан ориентир ва таргетлар берилмоқда. Келаси йил 1 апрелдан бизнес учун электр нархлари 700 сўмгача, газ нархлари эса 1200 сўмгача оширилади. 2024 ва 2025 йилларда тарифлар фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади. Ва ниҳоят 2026 йилдан бошлаб электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.