$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Энди коронавирус юқтирган беморлар ҳам тоифаларга ажратилади

коронавирус аҳолида

Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш ва уларни карантинда сақлаш ишларини тартибга солиш мақсадида беморлар тоифаларга ажратилмоқда. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Хабарга кўра, беморлар қуйидаги 3 тоифага ажратилади:

– коронавирус инфекциясининг енгил шакллари аниқланган (касаллик аломатларсиз ўтаётган) беморлар;

– коронавирус инфекцияси ўртача оғир кечаётган (тана ҳарорати кўтарилаётган) беморлар;

– коронавирус инфекцияси оғир кечаётган беморлар.

Шунингдек, 5 июль санасидан бошлаб коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволаш билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи янгича тартиб жорий қилинади:

– касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, уй шароитида даволанишига рухсат этилади;

– шифохоналарда ва уй шароитида даволанаётган касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар 10 кун муддатда клиник белгилари кузатилмаган тақдирда назоратдан чиқариш амалиёти жорий этилади;

– коронавирус инфекцияси тасдиқланган бемор билан бирламчи мулоқотда бўлганларни 14 кунлик карантин муддатини уй шароитида ёки тасдиқланган рўйхатга асосан меҳонхоналарда барча санитария-эпидемиология ва карантин чекловларига риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилади; 

– бирламчи скрининг тест таҳлиллари мусбат натижа берган намуналарни тасдиқлаш таҳлилларини ўтказиш ваколати Бош санитар шифокор кўрсатмаларидан келиб чиқиб ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига берилади;

– аҳолининг популяцион маълумотлар базасини яратиш мақсадида коронавирус антитаначаларига ИФА текширишларига, давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда, хусусий соғлиқни сақлаш секторидаги тиббиёт муассасалари ҳам жалб этилиши мумкин.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Касаллик аломатларисиз кечаётган енгил шаклдаги беморларни уй шароитида даволаш ва парваришлаш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш режалаштирилмоқда.