$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Кимга аза, кимга маза: уйингизни мустақил сота олмайсиз

риэлтор

Риэлторлик фаолияти эндиликда тартибга солинмоқда. Унга кўра, энди уйларни мустақил тарзда сотиш ёки эълон бериш тақиқланиши мумкин.

 Қонунчиликда янги лойиҳа 

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда риэлторлик фаолияти давлат томонидан назоратга олинади.

Лойиҳада айтилишича, риэлторлик фаолияти эндиликда Давлат активларини бошқариш агентлиги қошида ваколатли давлат органига айлантирилади.

Яхши томони — энди алданмайсиз

 Лойиҳанинг кўзга кўринарли томонидан бири бу барча риэлторлик хизмати қонунийлашишидир. Қонун лойиҳасининг 7-моддаси қуйидагича келтирилган:

 “Риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар ушбу Қонун талабларига риоя этиши, етарли даражада чуқур касбий билимга эга бўлиши ҳамда касбий билим ва кўникмаларини риэлторлик хизматларини сифатли кўрсатиш учун етарли бўлган даражада сақлаб туриши керак.”

 Бу умумий тушунчада олинадиган бўлса, эндиликда риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш учун ушбу соҳа бўйича малакали билимга эга бўлиши ва давлат томонидан имтиҳондан ўтиши керак. Имтиҳондан ўтган шахсларга эса махсус сертификат берилади.

Бундаги асосий қулайлик, агар, сиз уй сотиб олмоқчи бўлсангиз ёки ижарага олиш мақсадида онлайн платформалар орқали мурожаат қилганингизда, улардан риэлторлик фаолияти қонуний экани ҳақидаги ҳужжатни сўрашга ҳаққингиз бўлади.

Ушбу ҳолат эса риэлторлик масаласидаги фирибгарликлар ҳамда одамларни маклерлар орқали алданишларига чек қўйилади.

"Тиррақи бузоқ” 

Уй-жой масаласида қулайликлар яратилиши билан биргаликда, муаммоли масалалар ҳам пайдо бўлмоқда. Яқинда пойтахтда уй нархлари кескин қимматлаган эди. Бу масалада сайтимизда таҳлилий хулосалар берилган. Унга кўра, Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари учун ҳисобланган “пуфак индекси” нархлар пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали хонадон сотиб олиш учун талаб этиладиган муддат ўртача иш ҳақига нисбатан 10 йилгача етган. Бу борада Тошкент шаҳри Токио, Париж ва Лондон шаҳарларига деярли етиб олган.

"Тиррақи бузоқ бутун подани булғайди” деганларидек, мазкур қонун лойиҳасига ҳам бир-икки қийинчилик ёки ортиқча чиқимларни келтириб чиқарадиган моддалар ҳам киритилган. 

Лойиҳанинг 27-моддасига кўра “Жисмоний ёки юридик шахсларнинг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш ва эълонлари, шу жумладан бутунжаҳон ахборот тармоғи Интернетда ёки ижтимоий тармоқлар саҳифаларида жойлаштириладиганлари, кўчмас мулк мулкдорлари томонидан фақат риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар орқали бепуллик асосида амалга оширилади.” 

Бу мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқининг бузилиши

Бундан келиб чиқадики, кўчмас мулкни ижарага бериш ёки сотишда мустақил олди-сотдини амалга ошириш тақиқланиши мумкин. Лойиҳанинг ушбу қисмига блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам ўзининг танқидий фикрларини бериб ўтган. 

“Тушунишим бўйича, энди ўз уйини сотиш ҳақида интернетда эълон беришни фақат риэлтор ёки агентлар орқали қилишмоқчи, эркин ўзи эълон беришни тақиқлашмоқчи. Бу бўйича ортиқча гап айтгим йўқ, шунчаки, умид қиламанки, бунақа аҳмоқона ва халққа қарши таклифлар фақат лойиҳа сифатида қолиб кетади, лекин зинҳор қонун сифатида қабул қилинмайди.” – дейди у ўз телеграм саҳифасида.

Ушбу моддага биноан, сиз номингизда бўлган кўчмас мулкни сотиш ёки ижарага беришда ОАВ ёки платформаларга мустақил эълон беришингиз мумкин эмас. Демак, келиб чиқадики, ҳар қандай кўчмас мулк савдоси риэлторлик хизмати орқали амалга оширилиши керак.

Бу дегани, сиз уй олди-сотдиси ва ижарага бериш-олиш масаласида риэлторларга қўшимча ҳақ тўлайсиз. Савол туғилади: Агар, риэлторлик фаолияти ваколатли давлат органига айланса, бу модда халқдан пул ундиришнинг яна бир йўлими? 

Мазкур қонун лойиҳаси ҳозирда муҳокамада бўлиб, муҳокамалар эса 29 декабрга қадар давом этиши режалаштирилган. Лойиҳа ҳақида эса сиз ҳам ўз фикрларингизни беришингиз мумкин. Зеро, ҳар қандай қонун лойиҳаси демократик давлатда кимнингдир манфаатлари учун эмас халқ манфаатлари учун ишлаши керак.