$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

“Уйим-жойим” дейиш ҳам қимматлашди

Президент ипотека асосида уй-жой сотиб олишда бир қатор имтиёзлар берилишини маълум қилди

Инсон эҳтиёжларининг чеки йўқ. Эҳтиёжлар ичида, шубҳасиз, энг муҳими — уй-жой. Ҳар бир одамнинг энг асосий мулки ҳам, одатда, кўчмас мулк бўлади. Ўзбекистонда аҳоли сонига пропорционал тарзда кўчмас мулкка бўлган талаб йилдан-йилга ўсмоқда. Кимдир ўзининг доимий ҳаёт кечириши мақсадида уй харид қилса, кимдир ўз маблағини шу кўринишда сақлашни маъқул кўради. Яна кимдир шаҳарлар марказидан уй харид қилиб, ижарачилар орқали ўз даромадини ошириб боради. Шу ва бошқа сабабларга кўра, нархлар ҳам доимий равишда ўзгариб туради. Хўш, кўчмас мулк бозорида нима гаплар?

Бозор яна жонланди

Ноябрь ойида кўчмас мулк бозорида фаоллик кузатилди, икки ойлик пасайишдан сўнг кўчмас мулк савдоси 4 фоизга ошди, аввалги ойга нисбатан 800 та кўпроқ уй-жой сотилди.

Аммо савдоларнинг пасайиши тўхтагани билан, кескин ўсиш ҳам кузатилмади. Ой давомида энг катта ўсиш Хоразм (23 фоиз), Наманган (16 фоиз) ва Жиззах (12 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Умуман олганда эса, бир йил давомида кўчмас мулк бозоридаги шартномалар сони 3 фоизга камайган.

Ноябрь ойида иккиламчи бозордаги уй-жойлар нархи бирозгина ўсди, (0,7 фоиз), йиллик ўсиш эса 18,2 фоизни кўрсатмоқда. Айниқса, Хоразм, Тошкент ва Бухоро вилоятларида иккиламчи уй-жой нархларининг сезиларли ўсиши кузатилди.

Пойтахтда нархлар қандай ?

Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорда уй-жойлар нархи 1 кв.м учун ўртача 1119 долларни ташкил этди. Бу октябрь ойига қараганда 4 долларга арзонроқ. Яъни, республика бўйлаб уйлар нархи қимматлаганига қарамай, Тошкентда бунинг аксини кўриш мумкин. Ой давомида Шайхонтоҳур, Юнусобод, Сергели туманларида уйлар нархи нисбатан тезроқ ўсган.

Тошкентда ижара нархлари пастлади

Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи октябрь ойидаги 9,5 долларга нисбатан 2,1 фоизга пасайиб, 1 кв.м. учун 9,3 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг 11 та туманидан 10 тасида уй-жой ижараси нархининг пасайиши қайд этилди.

Ижара учун энг қиммат ҳудудлар Шайхонтоҳур (кв.м. 11,6 доллар), Яккасарой (10,9 доллар) ва Миробод (11,5 доллар) туманлари бўлиб турибди. Учтепа (8,1 доллар), Сергели (7,1 доллар) ва Бектемир (6.2 доллар) туманларида нисбатан пастроқ нархлар кузатилган.

Ижара нархлари бир ой ичида фақат Бектемир туманида ошган (+3,7 фоиз). Умуман олганда, пойтахтда ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 6,1 фоизга, йил бошига нисбатан 9,2 фоизга камайди.

Таққослаш учун

Қўшимча сифатида, жорий йилнинг сентябрь ойига қадар нархлар 13 %га баландлаганлиги ҳақида сайтимизда бундан аввалроқ хабар бергандик. Унга кўра, 2023 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда 216 мингта уй сотилган. Ушбу натижа ўтган йилнинг 9 ойига нисбатан 13,2 фоизга кўп. Таққослаш учун, 2021 йилнинг 9 ойида — 178 мингта ҳамда 2022 йилнинг худди шунча вақтида 191 мингта уй сотилган.

2022 йил сетябрдан бери Ўзбекистонда иккиламчи бозордаги уйлар 22,2 фоизга қимматлаган бўлса, Тошкентда бу ўсиш 29,1 фоизгача етган. 

Ярим йиллик бўйича маълумотларга кўра, янги уйлар нархи бир йилда 44 фоизга ошган эди. 

Мисол учун, 2022 йилнинг маълум ойида 100 минг долларга нархланган уй 2023 йилнинг худди шу ойида 144 минг долларга қийматланган.