$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ёқимсиз стартнинг ёқимли якуни

f 1 24

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогининг сўнгги тур учрашувида, Австралия терма жамоасига қарши майдонга чиқиб, “қора тарих”га чек қўйди. Ажабланарлиси, жамоамиз мусобақа стартини турли йўқотишлар билан бошлаб, гуруҳ босқичини энг идеал ҳолатда якунламоқда. Қизиқарли сценарий, шундай эмасми? Мусобақа давомида ҳам йўқотишларга учраяпмиз. Бу ёқимсиз вазият, аммо шу билан бир қаторда, консерватор мураббийнинг бошқаларга ҳам имконият яратиши учун мажбурловчи чақириқ бўлаётгандек.

“Қора тарих” энди туш

Айни кунларда Қатарда бўлиб ўтаётган қитъа биринчилигида барча гуруҳлардаги жамоалар ўзининг гуруҳ босқичидаги сўнгги, ҳал қилувчи тур ўйинларини ўтказишмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам куни кеча Австралия жамоасига қарши майдонга тушиб, дурангга имзо чекди. Ушбу ўйин шуниси билан қадрли бўлдики, вакилларимиз бу ўйинда узоқ йиллик уринишлардан сўнг, футбол дунёсида ўз ўрнига эга жамоаси сифатида қаралувчи Австралия жамоаси дарвозасига, ниҳоят, илк маротаба йўл топа олди. Ҳа, ўзбекистонлик футболчилар шу вақтга қадар Австралия дарвозасини ҳеч ишғол этолишмаган. Бундан буёғига, у даврлар энди туш.

Яна бир йўқотиш

Австралияга қарши ўйин гарчи икки жамоа учун хотиржамроқ ўйнаш имкониятини тақдим этган бўлса-да, жамоалар бир-бирларига нисбатан жуда агрессив муносабатда бўлишгани билан ёдда қолди. Бу вазиятга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда, 63-дақиқада захирадан майдонга тушган Игорь Сергеев 84-дақиқада жароҳат олиб майдонни тарк этди. Футболчини замбилда майдондан олиб чиқиб кетишди. Унинг жароҳати борасида ЎФА бироз вақт ўтиб маълумот тақдим этди. Унга кўра, футболчининг тиззаси олди хочсимон мушаклари жиддий жароҳатланган. Сергеев яқин вақтларда жарроҳлик столига ётади.

Операциядан кейин Сергеев энг камида 6 ой майдонга тушмаслиги мумкинлиги маълум бўлган. Маълумот учун, бундан аввал ҳам жамоамиз бир қатор асосий таркиб ўйинчиларини йўқотган эди. Булар: Элдор Шомуродов, Ҳусниддин Алиқулов, Хожиакбар Алижонов ва Шерзод Насруллаев.

Дурангнинг рейтингга таъсири

Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги ўйиндан кейин OFC рейтингида 1 поғона кўтарилади. Бунгача OFC рейтингида 9-ўринда қайд этилган терма жамоамизнинг Австралияга қарши учрашувда дуранг қайд этиши ва 8-ўриндаги БАА терма жамоасининг Эронга мағлуб бўлиши натижасида, терма жамоамиз рейтингда амирликлар вакилларини қувиб ўтди. 

Эҳтимолий йўлак ва рақиблар

Ўзбекистоннинг навбатдаги, нимчорак финал босқичидаги рақиби "F" гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа бўлади. Бу Саудия Арабистони, Таиланд ёки Ўмон бўлиши мумкин. Бу жамоалар гуруҳдаги сўнгги ўйинларини эртага, 25 январь куни ўтказишади. 

Бундан келиб чиқадики, бизда 1/8 финалга тайёргарлик кўриш учун рақибга нисбатан 2 кун кўпроқ вақт бўлади. Ўзбекистон нимчорак финалда ғалаба қозона олса, чорак финал баҳсини 3 февраль, шанба куни ўтказади. Энди бу галги дам олиш навбати рақибларга ўтади, яъни бу ўйинга тайёргарлик учун рақиб бизга нисбатан бир кун кўпроқ вақтга эга бўлади.

Чорак финалдаги рақиб эса Қатар иштирокидаги ўйин ғолиби бўлади. Қатарнинг 1/8 финалдаги рақиби ҳозирча маълум эмас. Шундан сўнг, ярим финал босқичида, кўп эҳтимол, Эрон, Жанубий Корея ёки Япония билан рақиб бўлишимиз мумкин.

Мағлубиятсиз декада

Ўзбекистон терма жамоасининг мағлубиятсиз серияси 10 та ўйинга етди. Терма жамоамиз сўнгги бора Сент-Луис шаҳрида ўтказилган ўртоқлик учрашувида АҚШ терма жамоасига 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Шундан кейин ўтказилган 10 та ўйиннинг 6 тасида ғалаба ва 4 тасида дурранг натижа қайд этилган. Қизиғи, терма жамоамиз томонидан ўтказилган 10 та ўйиндан фақат биттаси ўз майдонимизда бўлиб ўтган. Қолган барча ўйинлар меҳмондаги натижалар.

Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси нимчорак финал баҳсини 30 январь, сешанба куни ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади. Учрашув "Ал-Жануб" стадионида бўлиб ўтади. Бу, айнан, кеча Австралияга қарши ўйин ўтказган майдонимиз.