$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Тошкентда СOVID-19'га гумон қилинган беморлар учун 500 ўринли марказ ишга тушди (+видео)

Аввалроқ Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган «Ўзэкспомарказ» кўргазма марказида коронавирусга чалингани гумон қилинган беморларга аниқ ташхис қўйиш ва касаллик даражасини аниқлаш, шунингдек, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш ва уларни клиникаларга тақсимлаш маркази ташкил этилаётгани ҳақида хабар бергандик.

Кеча, 23 июл куни мазкур Тақсимлаш маркази иш бошлади. Бу ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Марказда 250 нафар тиббиёт соҳаси мутахассислари фаолият юритиши режалаштирилган. Бу ерга пойтахтнинг турли ҳудудларидан COVID-19га гумонланган фуқаролар олиб келинади.

Марказда инфекционист, вирусолог ва бошқа қатор тор мутахассислар жамланган ҳамда тест ва таҳлилларни ўтказиш учун зарур шароит яратилган.

Беморлар учун шифохоналардаги каби шароитлар яратилган, зарур барча тиббиёт жиҳозлари ва ускуналари таъминоти етарли даражада йўлга қўйилган.

Бу ерга олиб келинган фуқаролар тўлиқ таҳлилдан ўтказилганидан сўнг, касаллик даражаси ва саломатлигининг ҳолатига кўра, шифохоналарга йўналтирилади. Хасталик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанишни маъқул деб билганлар эса уйида ўз-ўзини изоляция қилган ҳолда даволанишга юборилади.

«Ушбу Тақсимлаш марказининг ишга туширилиши COVID-19ни ташҳислаш ва ушбу вирусни юқтирганларни тиббиёт муассасаларига тақсимлаш ҳамда самарали даволашда муҳим вазифани бажаради», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ташаббуси билан ташкил этилган Тақсимлаш маркази 500 ўринга мўлжалланган.