$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Экорейд: "Шўрўзак" одамларнинг шўрини қуритаётгани ростми?

Экорейд: "Шўрўзак" одамларнинг шўрини қуритаётгани ростми?

Сирдарё вилояти Шўрўзак коллектори бўйида яшовчи аҳоли мунтазам равишда бу ердан анқиб турадиган бадбўй ҳиддан шикоят қилиб келади. Сабаби мазкур қоллекторга яқин-атрофдаги корхоналардан чиққан оқава сувлар шу ерга келиб қўшилади. Одамлар турли кимёвий таркиблар билан қоришиб кетган коллектордан келадиган “ифор” билан анчадан буён курашиб келади. Ҳудуддаги қишлоқ аҳолисидан келиб тушаётган шикоятларга қўра, коллектордаги сувдан унинг Сирдарёга қўшилишигача бўлган жойларда оқ рангли кўприклар учраб туради, вақти-вақти билан балиқлар ёппасига нобуд бўлади.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Давлат экология қўмитаси Жамоатчилик кенгаши, «Экомактаб» нодавлат ташкилоти вакиллари ва журналистлар «Peng-Sheng» МЧЖ қўшма корхонасига борди. Сабаби мазкур заводда терини қайта ишлаш, чарм масулотлари тайёрлаш жараёнида ажралиб чиққан сувлар тўғри Шўрўзак коллекторига бориб қуйилади. Аввалроқ Давлат экология қўмитаси инспекцияси коллектордаги қониқарсиз таҳлил натижалари ва корҳонанинг тозалаш иншоотларини текшириб, 2020 йилнинг 12 февралида иқтисодий масалалар бўйича Сирдарё туманлараро судига қонуний санкциялар қўллаш бўйича ариза берганди. Шундан сўнг текширувлар давомида аниқланган камчилик ва қонунбузарликлар бартараф этилгунига қадар қўшма корҳона фаолияти тўхтатиб қўйилди.

Ҳозирда қарийб 1 500 киши ишлайдиган мазкур корхонада камчиликлар қисман бартараф этилиб, корхона иши қайта тикланган. Бу ерда сувни тозаловчи маҳсус ҳовузлар қурилган бўлиб, ишлаб чиқаришдан ажралиб чиққан сув 3 – механик, кимёвий ва биологик босқичда тозаланади. Кейин Шўрўзак коллекторига бориб қўшилади.

«Peng-Sheng» ҚК директор ўринбосари Аброр Абдуваҳобовнинг сўзларига кўра, заводда янги ҳовузлар қуриш, янги лаборатор ускуналарни ўрнатиш каби модернизациялаш ишларини олиб борилмоқда. Бунинг учун умумий қиймати 350 минг АҚШ долларига тенг бўлган бир қатор лойиҳаларни ишлаб чиқилган.

“Агар пандемия ҳалал бермаса, 3-5 ой ичида қурилиш ишларини тугатамиз. Лойиҳа амалга ошгач, заводдан ажралиб чиқаётган сувнинг тозалик даражаси экологик нормаларга тўлиқ мос келадиган бўлади”, дейди у.

Шунингдек, А. Абдуваҳобовнинг таъкидлашича Шўрўзак коллекторидаги сув аллақачон, корхона фаолиятини бошлагунга қадар ифлосланиб бўлган. У олинган таҳлил натижалари буни тасдиқлашини билдирди.

Завод фаолияти билан танишиб чиққач, корхона вакиллари ва Экология қўмитаси инспекторлари Шўрўзак коллекторига боришди ва корхонадан чиққан сувнинг қўшилишигача ҳамда ундан кейинги нуқталардан намуна олишди.

Давлат экология қўмитаси Сирдарё вилоят бошқармаси атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Иномжон Ғаниевнинг маълум қилшича, мазкур намуналар лаборатория шароитида таҳлил қилинганидан кейингина вазиятга ҳақиқий баҳо бериш мумкин бўлади.

Учрашувда катнашганлардан Сув ҳўжалиги масалалари бўйича эксперт, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси консультанти, география фанлари доктори, техника фанлари номзоди Рустам Раззоқов мазкур вазиятда муаммонинг ечимига кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

“Ҳавонинг ифлосланиши, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик сувининг сифатини таҳлил қилгандан кейингина одамлар нега касал бўлаишаётгани, унинг сабаблари ҳақида фикр билдироламиз. Ундан кейин эса ўша сабабларни бартараф қилишнинг техник имкониятларини қидирамиз. Бунгача эса бирор фикр билдириб, одамларни ваҳимага солишдан ҳеч қандай маъно йўқ.
Биз бу ерда биз ифлосланган сувни қайта ишлашимиз, Сирдарёга тозаланган сув чиқиб кетиши керак эди. Лекин афсуски, ҳеч ким бунга маблағ ажратмайди, 30 йил қуруқ гаплар билан ўтиб кетди. Ҳозир эса шароит ўзгарди, корхоналар сони кўпайган, назорат органлари ҳам ишлаяпти.
Эндиги муаммо шундаки, таҳлилларни ўрганиб хулоса бера оладиган малакали мутахассислар, лойиҳачилар етишмаяпти. Шу сабаб ҳозир муаммолар тўпланиб қолган, уларни босқичма-босқич бартараф қилишимиз керак. 50 йил аввалги технологиялар аллақачон эскириб бўлди. Ҳозирда корхоналарда илгари қўлланилмаган кимёвий қўшимчаларни ишлатишади. Уларни аниқ таҳлил қилиш эса мураккаб”, дея таъкидлади Р. Раззоқов.

Зиёдбек Исмоилов,

Юлианна Мороз

Теги :
Jamiyat