$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Президент Паралимпия ўйинлари қаҳрамонларига миннатдорчилик билдирди

Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон делегацияси вакиллари президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Учрашувда президент спортчиларга миннатдорчилик билдирди.

Ана шу қимматли 19 та медалнинг 11 таси, шижоатли спортчи қизларимиз томонидан қўлга киритилгани, тарихимизда мисли кўрилмаган воқеадир.

Мамлакатимиз терма жамоаси 160 дан зиёд давлатлар ўртасида– ўн олтинчи, Осиё қитъасида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида– тўртинчи, Марказий Осиёда эса,– биринчи ўринни эгаллади. 

Япон заминида ғолиб ўғил-қизларимиз шарафига ҳар гал мад́ҳиямиз янграб, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилганида қалбларимиз чексиз ифтихорга тўлди.

Авваламбор, маҳоратли дзюдочимиз Учқун Қуронбоевга жамоамизга илк олтин медални тақдим этгани учун, эл-юртимиз номидан ташаккур билдирамиз. 

Яна бир полвонимиз Бобуржон Омонов эса, ядро улоқтириш бўйича олтин медалга сазовор бўлиш билан бирга, Паралимпия рекордини ҳам янгилади. Таъкидлаш керакки, бу борадаги янги жаҳон рекордини ҳам айнан Бобуржон ўрнатган эди.

Айниқса, жасоратли енгил атлетикачи қизларимиз Нозимахон Қаюмова, Моҳигул Ҳамдамова, София Бурҳонова, рақибалари орасида энг ёш бўлган таэквондочи Гулжоной Наимова олтин медалларни қўлга киритиб, барчамизга чексиз хурсандчилик бағишладилар.

Шунингдек, дзюдочи Феруз Саидов, ядро улоқтириш бўйича спорт устаси Ҳусниддин Норбеков ҳам муросасиз курашда олтин медалларга сазовор бўлдилар. 

Шу ўринда Ҳусниддин бу ютуғи билан икки карра паралимпия ўйинлари чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлганини ҳам, алоҳида таъкидлаш лозим.

Ана шу чемпионлар қаторида Асила Мирзаёрова, Роза Қўзиева, Парвина Самандарова, Довурхон Кароматов, Нурхон Қурбонова, Ислом Асланов, Элбек Султонов, Шариф Халилов, Шоҳсанам Тошпўлатова сингари жами 11 нафар спортчимиз кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлиб, мамлакатимиз шуҳратини бутун дунёга тараннум этдилар.