Меҳнат мигрантларига микроқарзлар берилади
“Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
2 daqiqa o‘qiladi

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга қўра, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилади.
Хорижда ишлашга кетишдан олдин Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш тизимини жорий қилиш мазкур тизимнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қарорга кўра:
— Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларига умумий раҳбарлик қилади;
— Ҳудудий филиал раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёрдамчиси ҳисобланади;
— Ҳудудий филиаллар хорижий иш берувчилар билан келишувлар тузади ҳамда хорижга фуқароларни ишга юборади.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар қуйидагилар ташкил этилади:
— Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Япон тили ва касбий малака” тест маркази;
— Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида пайвандчилар мактаби;
— Гулистон шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ишчилар тайёрлаш ўқув маркази;
— Наманган вилоятидаги профессионал таълим муассасаларида давлат хусусий шериклик асосида “IT School” ўқув марказлари, чет тилларига ўқитиш ва хизмат соҳаси бўйича касбларга тайёрлаш ўқув марказлари.
Шунингдек, 2021 йил 1 январдан:
— “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими”га киритилган кам таъминланган оила аъзоси ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқаётганда уларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади;
— микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 млн сўмгача миқдорда 1 йил муддатга берилади;
— микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.



