$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Боғчада қизалоқларга тегажоғлик қилган 16 ёшли йигит 6 йилга қамалди

суд sud

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 230-сонли боғча директорининг ўғли 4 нафар қизчага тегажоғлик қилгани айтилаётганди. Суд унга нисбатан 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо тарбия колонияларида ўталади.

 23 январь куни суд жараёни якунланди

Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида 23 январь куни 230-сонли болалар боғчасида қизларга тегажоғлик қилишда гумонланаётган шахсга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов.

Айбланувчи 2008 йилда туғилган

Вояга етмаган Х.Ш. (2008 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) шу мактабгача таълим ташкилоти собиқ директорининг ўғли ҳисобланиб, боғчадаги 4 нафар тарбияланувчи қизчага улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилганликда айбланган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси Ж. Курбанов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Жазо тарбия колонияларда ўташ белгиланди

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Х.Ш. Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмида (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 85-моддаси (Озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми «в» бандига асосан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони тарбия колонияларда ўташ белгиланди.

Олий суд биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли эканини эслатиб ўтди.

Боғча директори ҳам ишдан бўшатилган

Шунингдек, боғча директори «хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиб, болалар ҳаётини хавф остига қўйгани учун» ишдан бўшатилган.