$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўтган йилда фуқаролар энг кўп қайси масалада судга мурожаат қилган?

huquq17

Конституциямизда ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Фуқаролар ва юридик шахс­лар муайян ҳолатларда ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиши мумкин.

Чунки ҳаётда алимент мажбуриятларини бажармаслик, зарар етказганлик, шартнома мажбуриятларини бузиш билан боғлиқ фуқаролик, оила, меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар бузилиши ҳолатлари учраб туради.

Хўш, 2023 йилда фуқаролар томонидан айнан қайси масалаларда мурожаатлар келиб тушган? Уларнинг қанчаси қаноатлантирилгану, қанчаси рад этилган? Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълумот берди.


Никоҳдан ажратишни сўраб қилинган мурожаатлар 63 мингдан зиёд

2023 йилда 460 минг 308 фуқаролик иши кўриб чиқилди. Тамомланган фуқаролик ишлардан 158 минг 548 таси битимлар билан боғлиқ, 63 минг 625 таси никоҳдан ажратишга оид бўлди.  

18 мингдан зиёди уй-жой муносабатлари, 13 минг 746 таси меҳнат низолари билан боғлиқ. 5 минг 786 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш, 3 минг 387 таси оталикни белгилашга оид ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилди.  

343 минг талаб қаноатлантирилди

Кўриб чиқилган ишлардан 343 минг 156 таси бўйича талаблар қаноатлантирилди. 52 минг 707 таси бўйича талабларни қаноатлантириш рад қилинди. 57 минг 92 таси бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, 7 минг 353 таси бўйича ишни юритиш тугатилди.  

5 минг 434 та мурожаат кўрмасдан қолдирилган

Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 34 минг 635 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилди (никоҳлар бекор қилинди), қарийб 21 мингтаси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган). 5 минг 434 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 2 минг 584 даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.  

3,6 триллион cўмдан зиёд мажбурий тўлов


Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 3,6 триллион cўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 483 минг 617 суд буйруғи чиқарилди. Булар вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқаларни ташкил этди.  


3 минг 269 та ишга тиклашга доир кўриб тамомланган ишларнинг 1 минг 704 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилди. 940 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилди. 534 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 91 даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.