$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Балиқ бошидан: Тошкент шаҳар ҳокими қонунга зид равишда 23 та қарор қабул қилган

Huquqiy

Биламизки, Ўзбекистон қонунчилигида фуқароларга мансабдор шахс қарори туфайли ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилганда, зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклатилганда, у ёки бу соҳадаги фаолиятини амалга ошириш учун бошқа тўсқинлик яратилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Бу Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 4-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракацизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорининг 1-бандида ўз аксини топган.

Ва мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши тез-тез содир бўлиб туради. Масалан, 2022 йилда ҳокимларнинг 1 339 та қарори судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилган. Ўтган 2023 йилда ҳам айрим ҳокимларнинг натижаси анча "юқори".

Биргина Тошкентда ҳокимларнинг 60 та қарори судда ҳақиқий эмас деб топилган

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг 60 та қарори судда ҳақиқий эмас деб топилган. Бу ҳақда журналист ва блогерлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар Маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов маълум қилди. 

220 та иш кўриб чиқилган

Ҳокимлар қароридан норози бўлиб қилинган мурожаатларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокими ва туман ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 220 та иш кўриб чиқилган. Шундан ҳокимларнинг 60 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. 120 таси талаб бўйича рад қилинган, — дейди Улуғбек Алмамедов. 

Тошкент шаҳар ҳокими етакчи 

Суд раисининг аниқлаштиришича, ҳокимлар чиқарган қарорларнинг ҳақиқий эмас деб топилиши борасида туманлар кесимида Чилонзор тумани ҳокими, умумий кўрсаткич борасида эса Тошкент шаҳар ҳокими етакчи ҳисобланади. 

Жумладан 2023 йил якунлари бўйича Бектемир, Юнусобод, Яшнобод, Янгиҳаёт, Миробод ҳокимларининг биттадан қарори, Мирзо Улуғбек ва Учтепа ҳокимларининг 3 тадан, Шайхонтоҳур ҳокимининг 4 та, Олмазор ҳокимининг эса 7 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Бу борада туманлар бўйича етакчилик Чилонзор ҳокимида бўлиб, ўтган йил давомида унинг 10 та қарори ҳақиқий эмас деган суд қарори қабул қилинган.

Қўшимча қилинишича, Тошкент шаҳар ҳокими ҳам суд эътирозига сабаб бўлган ва ҳақиқий эмас деган тамғага эга 23 та қарор қабул қилган.

Теги :
Jamiyat