$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Гўзаллик қурбонлик талаб қилмасин

sal be

Қачон қараманг, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар доим гавжум бўлади. Кундан-кунга кўпайиб бораётган хизматлар, айниқса, аёлларни жуда жалб қилади. Бироқ кўпчилик гўзаллик салонларидан жуда хавфли касалликлар юқтириш мумкинлигини, ҳар бир ишлатилаётган восита санитар қоидаларга жавоб бериши кераклигини билмайди, ё билса ҳам эътибор бермайди.

Ишчи-ходимлари тиббий кўрикдан ўтган бўлишлари кераклигини биласизми?

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари, косметология хизматлари, жумладан тату ва бошқа хизматлар амалдаги санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативларига мувофиқлигини баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича саволнома асосида текширилади.

Энг муҳим қоидалар:

➖Аҳолига хизмат кўрсатадиган сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари, косметология хизматлари, жумладан тату ва бошқа хизматлар ишчи-ходимлари тиббий кўрикдан ўтган бўлишлари керак. Бундан ташқари, мижозларга хизмат кўрсатиш учун инструментлар, сочиқ, салфетка ва чойшаблар билан етарли миқдорда таъминланган бўлиши лозим.

➖0305-12-сон санитария қоида ва меъёрларида белгиланган талабларига асосан маникюр, педикюр ва косметик кабинетларда ҳар бир иш жойида мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш учун уч комплект инструментлар билан таъминланган бўлиши даркор.

➖Сартарошлик ва косметология хизматлари (маникюр, педикюр, қош териш ва бошқа косметология хизматлари) жиҳозлари мижозларга хизмат кўрсатишдан олдин зарарсизлантирилиб, стерилизацияланган бўлиши керак.

➖Ҳар бир мижозга тоза оқлик (сочиқ, салфетка, чойшаб) ишлатилиши ва ишлатилгандан кейин оқликлар ювилиши муҳим ҳисобланади. 

➖Гепатит, ОИВ-инфекция, туберкулёз ва бошқа юқумли ҳамда паразитар касалликларнинг юқишининг олдини олиш мақсадида ҳар бир мижоздан кейин ишлатилган инструментлар зарарсизлантирувчи эритма солинган идишга солиниб, 15 дақиқа давомида зарарсизлантириши, сўнгра тоза сувда ювилиб, стерилизация қилиниши муҳим санитария-эпидемиологик аҳамиятга эга.

➖Тоза инструментлар махсус металл қутиларда, усти ёпиқ ҳолатда сақланиши керак.

➖Иш учун махсус кийим бош кийиши, мижозга хизмат кўрсатишдан олдин ва кейин қўлларини совун билан ювиши, косметология хонасида қўл териси учун антисептик ишлатиши, соч бўяшда резинали қўлқоплардан фойдаланишга амал қилиши керак.

➖Педикюр жараёнида мижоз оёғи тагига қўйиладиган ёстиқча, клённка билан қопланган бўлиши, ҳар бир мижоздан кейин зарарсизлантирувчи эритма билан артилиши, оёқлар учун педикюр ваннаси ҳар бир мижоздан кейин ювувчи воситалар ва дезинфектантлар билан зарарсизлантирилиши шарт. 

➖Сартарошхона ходимлари таркибида 70 фоизли спирт, ёднинг 5 фоизли спиртли эритмаси, лейкопластир, боғлов материаллари бор бўлган аптечка билан таъминланган бўлиши шарт.

➖Сартарошхона ва косметология хизматлари жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар зич ёпиладиган махсус идишга йиғилади ҳамда иш куни якунида бир марталик полиэтилен қопларга солиниб, оғзи маҳкам қилиб боғланиб, ўрнатилган тартибда утилизация қилинади. Ишлатилган қоплар қайта ишлатилмайди.

➖Яна бир муҳим жиҳатга тўхталадиган бўлсак, сартарошхона ходимлари ишга киришдан олдин ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши, санминимум курсини ўқиган бўлиши шарт.

Сартарошхона ходимларини санминимум курсида ўқишидан мақсад, зиммасидаги иш жараёнида ҳар бир мижознинг соғлигига зарар етказмаслик, агарда бу каби ҳолат юзага келганда ҳам санитария-эпидемиологик жиҳатдан унинг оқибатлари, нималарга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлишда муҳим аҳамиятга эга.