$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

АКТ вазири ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

АКТ вазири ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

13 февраль куни Пойтахтдаги IT Park мажмуасида ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов соҳа ташкилотларида фаолият юритаётган ва ITга ихтисослашган таълим муассасаларида билим олаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

 Тадбир давомида вазирлик томонидан ўтган йилларда амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширилиши керак бўлган вазифалар ҳақида сўз борди.

 Очиқ мулоқотда вазир қатор долзарб масалаларни ўртага ташлади. Хусусан, энг муҳим йўналишлардан бири ахборот технологиялари соҳасида етук кадрлар тайёрлаш эканини қайд этди. Бутун дунёда IT технологиялар шиддат билан янгиланиб, ўзгариб бораётганини англаган ҳолда тизим жамоаси мамлакат ёшларини жаҳон майдонида мустақил ва қатъий ёндашувига эга бўлган, маънавий ва жисмонан баркамол бўлиб улғайиши, замонавий юқори технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш масалаларига катта эътибор қаратмоқда.

Хусусан, ёшлар ва ҳукумат вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш, ёшларни IT соҳасига янада қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб халқаро “IT” сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб берилиш вазифаси ҳам белгиланган.

 Шу билан бирга, Тошкент вилоятида Ахборот технологиялари университети филиали ҳамда барча ҳудудларда мазкур йўналишда техникумлар фаолияти йўлга қўйилади. Кейинги икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг ёшни компьютер технологиялари йўналишида бепул ўқитиш, масофавий таълимни ва дарсларни онлайн ўтказиш имкониятини яратадиган “Онлайн, Рақамли, Хавфсиз ихтисослаштирилган мактаб”, “Олий таълим жараёнларини бошқариш” ахборот тизимлари яратилиб, ишга туширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида IT-парк филиллари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Амалга оширилган ишлар самараси ўтган йилдаёқ бўй қўрсата бошлаганди. Масалан, 2020 йилда IT-Park резидентлари томонидан жами 750 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 346,2 млрд. сўм, хусусан, экспорт ҳажми 8,4 млн. долларни ташкил этди.

Самарадорликни янада ошириш мақсадида IT Parkнинг ҳудудий филиаллари бинолари Андижон (“Digital City” технопарки), Фарғона (IT-Park Марғилон филиали), Сирдарё (IT-Park Гулистон филиали) Қашқадарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида фойдаланишга топширилди, Андижон филиалида 10 та ва Марғилон филиалида 7 та резидент фаолият юритмоқда.

Шунингек, «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бирлашган Aраб Aмирликлари “Dubai Future Foundation” фонди томонидан, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.

Учрашувда қайд этилганидек, 2021 йилда82 та, 2022 йилда64 та ва 2023 йилда45 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Учрашувда ёшларнинг ташуббуслари жуда муҳим эканлиги таъкидланди. Тизимда ёшлар билан алоҳида ишлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, вазирлик тизимидаги раҳбарларга ёшлар масаласини ўзи учун устувор вазифа қилиб белгилаб олиши бўйича тавсиялар берилди. АКТ вазири Шуҳрат Содиқов тизмда IT тилини тушунадиган, замонавий фикрлайдиган ёшларнинг кўпроқ бўлиши мақсадга мувофиқлигини алоҳида таъкидлади. Бу ташаббус рақамларда янада аниқроқ кўринади. Ҳозирда соҳада 28 мингдан зиёд ходим фаолият юритаётган бўлса, шундан 7 минг 359 нафари (қарийб 26 фоизи) 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан соҳани ривожлантиришга оид таклифлар, мулоҳазалар билдирилди. Вазир Шуҳрат Содиқов улар томонидан билдирилган танқидий мулоҳазалар юзасидан соҳадаги тегишли корхоналар раҳбарларига топшириқ берар экан, айрим иқтидорли ёшларнинг таклифларини шахсан ўзи бафуржа кўриб чиқишга тайёрлигини, ўринли таклифлар бўлса, уларнинг амалиётга жорий қилиниши устида иш олиб борилишини қайд этди.

Ёшларнинг мақсад-муддаоларини яқиндан билиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш мақсадида ташкил этилган, салкам уч соат давом этган мулоқотда видеоконференсалоқа ёрдамида вилоятлардаги ёшлар ҳам қатнашиб, ўз таклифларини билдиришди.

Теги :
Jamiyat