$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

ФАО Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашади

Ўзбекистонда синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш илк бор ташкил этилмоқда.

Тадбир 1-31 август кунлари Тошкент вилоятининг Паркент ва Самарқанд вилоятининг Жомбой туманларида ташкил этилди. Бу борадаги ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳисобланади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2024 йилда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида асосий рўйхатдан ўтказиш ташкил этилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими статистика бўйича мутахассиси Георгий Квиникадзе синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишда иштирок этиш учун 23-25 август кунлари Ўзбекистонда бўлиб турибди. Мутахассиснинг вазифаси - бўлажак асосий тадбирнинг халқаро стандартларга жавоб беришини таъминлаш. Шу мақсадда Георгий Квиникадзе Тошкент ва Самарқанд вилоятларида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича ташкилий ишларнинг бориши билан атрофлича танишиб, ишлаб чиқилган услубни такомиллаштириш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Шунингдек, ФАО синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш учун техник ёрдам кўрсатди, яъни баннерлар, плакатлар, брошюралар, буклетлар ва флаерлар каби ахборот-коммуникация материалларини тақдим этди. Ушбу ёрдам ФАОнинг "Синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш учун қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси доирасида тақдим этилмоқда. Мазкур лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги статистикаси тизимини такомиллаштириш ва Давлат статистика қўмитаси ходимларини қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш бўйича усуллар ва дала ишларини олиб боришга ўргатишдан иборат.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги бўйича асосий статистик маълумотларни йиғишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Рўйхатдан ўтказиш доирасида мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланадиган барча субъектларнинг тўлиқ ҳисоби олиб борилади. Ягона дастур ва услуб асосида ўтказиладиган комплекс статистик кузатув қишлоқ хўжалигининг ҳолати ва таркиби, унинг мавжуд ресурс салоҳияти ва ундан фойдаланиш тўғрисида энг тўлиқ ва холис маълумот олиш имконини беради.