$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

ЁШ ЭНЕРГЕТИКЛАР ИШТИРОКИДАГИ “БИРЛАШСАК, КАТТА КУЧМИЗ!” ХАЛҚАРО ФОРУМИ ЎЗ ИШИНИ ЯКУНЛАДИ

IES29

Мазкур форум Энергетика вазирлиги, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмалари Республика кенгаши ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

400 нафардан ортиқ ёш энергетик. 20 га яқин турли тадбир, учрашув, мусобақа ва беллашувлар. Профессионал ўсиш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқот майдони. “Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшлари” шиори остида “Бирлашсак, катта кучмиз!” ҳалқаро ёшлар форумига айнан мана шундай таъриф бериш мумкин. Фарғонада, хусусан “Фарғона иссиқлик электр маркази” АЖда бўлиб ўтган ёш энергетиклар форуми 21 август куни ўз ишини якунлади.

Шу муносабат билан қатнашчилар шарафига ўзбек эстрадасининг юлдузлари иштирокида катта гала концерт дастури ташкил этилди. 

Унда Ватанни, ёшликни ва ҳаётни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар жаранг сочди. Тадбир қатнашчилари шарафига отилган мушаклар шоуси ёпилиш маросимининг кульминацион нуқтаси бўлди. 

22 август куни форум қатнашчилари Қўқон шаҳри бўйлаб сайр қилишди. Худоёрхон саройи, Жомъе масжиди, Норбут-бия мадрасаси, Модарихон мақбарасида бўлишди.

Шунингдек, Риштон “Ҳунармандлар маркази”га ҳам ташриф уюштирилди. Бу ерда миллий кулолчилик мактаби, адрас ва атлас, ёғоч ўймакорлиги, маҳсидўзлик каби миллий ҳунармандчилик намуналари билан танишдилар. 

Қайд этиш лозимки, 18-22 август кунлари ўтказилган форум дастури ранг-баранглиги билан ёдда қоладиган бўлди. Хусусан, “Иссиқлик электр станцияларини ривожлантиришнинг инновацион ечимлари” мавзусидаги илмий-техник конференция, “INNO-TPP” илмий-техник клубининг таъсис маросими, “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Энергетиклар марафони”, стол тенниси, волейбол, камондан ўқ отиш спорт мусобақалари, Қўқон шаҳри ва Риштон ҳунармандчилик маркази бўйлаб экскурсияларда жами 400 га яқин ёшлар иштирок этди.

Форум нафақат энергетика соҳасида фаолият юритувчи, балки соҳага қизиқиши баланд бўлган ёшлар учун ҳам қулай мулоқот платформасига айланди. Ташкилотчилар ва қатнашчилар “Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшлари” шиори остидаги IV “Бирлашсак, катта кучмиз!” ҳалқаро ёшлар форуми географияси янада кенгайишига умид билдиришди. 

Маълумот ўрнида, Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури, юртимизда амалга оширалаётган ёшларга оид давлат сиёсати тамойиллари ижросини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида ўтказилди.