$
 12780.14
11.84
 13980.20
19.34
 133.11
1.96
weather
+26
Кечаси   +14°

"Ўзбекистон ЕОИИ давлатлари билан янги қўшма корхоналар ташкил этиш ишларини давом эттиради" — Абдулла Арипов

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги тариф ва нотариф тўсиқларини бартараф этиш, бозорларга киришни соддалаштириш бўйича келишув тузиш ва яшил ҳамда экспресс йўлаклар орқали божсиз схемаларини шакллантиришни қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 3 февраль куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида нутқ сўзлади.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари мамлакатда Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) бозорларига икки томонлама киришни соддалаштириш бўйича тайёргарлик ишлари якунланганини маълум қилди.

«Биз миллий техник регламентларни ЕОИИ стандартларига мувофиқлаштириш бўйича тайёргарлик ишларини тўлиқ якунладик. Сертификатлаш натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисида шартнома тузилишини товарларнинг бозорларимизга ўзаро киришини соддалаштириш йўлидаги мантиқий якун, деб биламиз. Биз ЕОИИ кўмагида ушбу қўшма ҳужжатни қабул қилишда иттифоқнинг барча давлатларининг қўллаб-қувватлашига ишонамиз», — деди Абдулла Арипов.

Бош вазир таъкидлашича, Ўзбекистоннинг кузатувчи сифатида иштирок этиши товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва ЕОИИ давлатлари билан савдо алоқаларини эркинлаштиришга ёрдам бериши керак. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 33 фоиз кўпроққа ошиб, 17 миллиард долларни ташкил этди.

Абдулла Ариповнинг қайд этишича, амалдаги эркин савдо режимига мувофиқ, Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатларига нисбатан савдо чекловларини қўлламайди.

«Биз тариф ва тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш тарафдоримиз, чунки мамлакатларимиз ўртасида олиб ўтиладиган товарларни тартибга солиш паритет хусусиятга эга бўлиши керак», — дея қўшимча қилди ҳукумат раҳбари.

Бош вазир, шунингдек, Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари билан саноат ҳамкорлигини давом эттириш ниятида эканини маълум қилди.

«Ўзбекистон ЕОИИ давлатлари билан янги қўшма корхоналар ташкил этиш ва улар ўртасида мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фаол ишларни давом эттиришга қатъий интилади», — деди Абдулла Арипов.

У бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодий иттифоқ мамлакатлари билан бир қатор истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошираётгани, саноат шериклиги кенгаяётганини таъкидлади. Хусусан, 2022 йилда иттифоқ мамлакатлари билан 1000 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 5 мингдан ошган.

Ҳукумат раҳбари ЕОИИ мамлакатларига янги транспорт йўлакларини биргаликда ишлаб чиқиш таклифини ҳам киритди.

«Биз Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақаси бозорларига чиқиш учун самарали транспорт йўлакларини биргаликда ишлаб чиқиш ва самарали чоралар кўришга тайёрмиз», — деди Абдулла Арипов.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари ўз нутқи якунида ЕОИИ давлатларини центабр ойида Самарқандда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияга таклиф қилди.

Ўзбекистон бош вазири ЕОИИ мамлакатлари ўз ички бозорларини асосий озиқ-овқат турлари, шунингдек, зарур минерал ўғитлар билан тўлиқ таъминлаётганини таъкидлади.

«Шу билан бирга, мавжуд салмоқли агросаноат салоҳиятига қарамай, ўзаро ҳамкорлигимиз озиқ-овқат хавфсизлигига тобора кучайиб бораётган таҳдидларга тезда жавоб беришга имкон бермаяпти», — деди Абдулла Арипов.

Бу борада қўшма қишлоқ хўжалиги кластерларини яратиш, яшил ва экспресс йўлаклар орқали божсиз ўзаро ташишнинг келишилган схемаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деди Ўзбекистон бош вазири.