Ишламайдиган сайт серверлари UzAuto'нинг яна бир ўйиними?
Гарчи сервер сўровларга жавоб бермаётгани айтилган бўлса-да, 20 минг атрофида машиналарга шартнома тузишга улгурилганлиги кишини ҳайрон қолдиради.
2 daqiqa o‘qiladi

Тасодифлар тасодифан бўлмайди, деган гаплар бежизга эмас. Қачонки бир ҳолат такрор-такрор айни сабаб билан юз берса, демак у тасодиф эмас. Келинг, мавзуни соддароқ қилиб очиқлайлик — UzAuto контрактацияларидаги сервер билан боғлиқ муаммо тасодифмиди ёки йўқ?
Эски ҳаммом, эски тос
Уч кун аввал ҳам ушбу компания томонидан эълон қилинган контрактация “сервер билан боғлиқ муаммо” ҳамда “сайтга уюштирилган киберҳужум” сабаб якунланмаган. Бугун, 25 декабрь куни ҳам шартнома тузиш қайта очилди. Аммо, сервер билан боғлиқ муаммо ўзгаришсиз — эски ҳаммом, эски тослигича қолаверди.
Ушбу ҳолат қандай вазиятларда юз бериши, нега шартномани айрим фуқаролар туза олаётгани-ю бошқалар ҳали-ҳануз сарсон бўлётганлигига аниқлик киритиш учун соҳа экспертининг фикрига қизиқиб кўрдик.
Бунинг турли йўллари бор
Веб-дастурлаш соҳасида бир неча йиллик тажрибага эга Собир Турсуналиев вазиятга турли омиллар сабаб бўлиши мумкинлигини келтирди:
— Нотўғри гумондан қочиб гапирадиган бўлсак, бу шунчаки сервернинг ташрифлар босимига дош бера олмаслиги оқибатида юзага келган. Ўхшаш ҳолатга мандат эълон қилинган кунда ҳам дуч келамиз одатда. Ҳар икки муаммоли вазиятда ҳам бир вақтнинг ўзида бутун республика бўйлаб бир манзилга катта ташрифлар юз беради. Натижада, сайт сервери юклашлар сўровига жавоб бермай қолиши мумкин. Аммо яхши дастурий таъминот ва сервер билан бу муаммони бартараф этишнинг иложи бор.
Атай қилинган бўлиши ҳам мумкин
Гарчи сервер сўровларга жавоб бермаётгани айтилган бўлса-да, 20 минг атрофида машиналарга шартнома тузишга улгурилганлиги кишини ҳайрон қолдиради.
Мутахассис ҳолатни изоҳлар экан, бу қасддан қилинган ҳолат бўлиши эҳтимоли борлигини ҳам инкор этмаслигини маълум қилди:
— Баъзан сайтни ишлаб чиқиш жараёнида, бинолардагидек, “яширин йўлак” қолдириш мумкин бўлади. Яъни, умумий усулдан ташқари, фақат айрим ҳолатлар учун заҳира режасидек. Одатда, бундай “яширин йўлак”лардан расмий дилерлар фойдаланишади.
Шу билан бирга, маълум ҳудудлар учун серверни ёки IP-манзилни блоклаш ҳам ўхшаш вазиятни юзага келтиради. Бундай ҳолда сиз блокланган сервер ёхуд IP-манзилдан ҳар қанча уринманг, тизимга киришни амалга ошира олмайсиз.
Аммо вазиятни тўлиқ кўришнинг имкони йўқ экан, UzAuto расмийлари берган жавоб билан қаноатланишдан бошқа чора йўқ.
Фуқаролардан танлов имкониятини олиб қўйиб, фақатгина битта ишлаб чиқарувчининг маҳсулотини тақдим этишда давом этиларкан, ҳали олдда неча-неча “сервер билан боғлиқ муаммо” юз бераверишига тайёр туриш керак.



