$
 12928.27
18.47
 13462.21
46.35
 129.66
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Словакиянинг янги элчисини қабул қилди

Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Словакиянинг янги элчиси Виктор Борецкийни қабул қилди. Аввалги элчи ўз миссиясини декабрь ойида якунлаганди.

31 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Словакиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Виктор Борецкийни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Словакия дипломатик ваколатхона раҳбарининг ишонч ёрлиқлари нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бахтиёр Саидов элчини табриклаб, Ўзбекистон-Словакия муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида самарали фаолият ҳамда муваффақият тилади.

Музокаралар доирасида иқтисодий дипломатияни фаол ривожлантиришга ўзаро тайёрлик тасдиқланди. Таъкидланганидек, товар айирбошлаш кўрсаткичлари икки мамлакатнинг мавжуд иқтисодий имкониятлари, инсон ва ишлаб чиқариш ресурслари даражасига мувофиқ эмас. Шу нуқтаи назардан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Словакия идоралараро комиссиясининг мажлисини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

Элчи расмий Братислава Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим тузишни жадаллаштиришда қўллаб-қувватлашини билдирди.

Словакиянинг аввалги элчиси Ян Бори декабрь ойида Тошкентдаги дипломатик миссиясини якунлаган. У элчихонани беш йил бошқарган.