$
 12627.02
12.22
 13494.50
-132.01
 142.18
-1.15
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Украина элчиси билан учрашди

Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати Фото: Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Украинанинг фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко билан учрашди. Мулоқотда турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

2 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Украинанинг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенкони қабул қилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашув давомида турли соҳалардаги Ўзбекистон — Украина икки томонлама ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий йўналишда алоқаларни жадаллаштириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳром Аълоев Украинанинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Микола Дорошенко билан ТИВда бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ишбилармон доираларига ўзаро имтиёз ва преференциялар бериш масалаларини муҳокама қилганди.

Сентябрь ойида Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Марказий Осиёлик журналистларга берган интервьюсида унинг мамлакати ҳозирги шароитда ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни имкон қадар ривожлантиришга тайёр эканини айтганди.

«Уруш ўз йўлига, аммо ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ ва биз олдинга интилишимиз, биргаликда нима қилишимиз мумкинлигини излашимиз керак. Биз [барча келишувлар] кучда қолиши ва ривожланиши, янги шартномалар тузиб, уларни амалга ошириш тарафдоримиз. Биз ўзбек бизнеси билан жуда яхши алоқадамиз, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот бор», деганди Дмитрий Кулеба.

Уруш бошланишидан бир йил аввал — 2021 йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Украина ўртасида ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ва қўшма бизнес-форум бўлиб ўтганди. Ишбилармонлар кенгашининг ўзбекистонлик ҳамраиси «Корзинка» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ҳисобланади.