$
 10209.86
2.17
 12021.09
125.05
 137.46
-4.91
weather
+34
Кечаси   +21°

ССВ аҳволи оғирлашган бемор видеосини эълон қилиб, ҳаммани огоҳликка чақирди

 Соғлиқни сақлаш вазирлиги телеграмдаги расмий каналида аҳолидан имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан тийилиш, карантин қоидаларига қатъий риоя этишлари сўраб мурожаат қилди ва реаниматцион бўлимда даволанаётган оғир аҳволдаги бемор видеосини жойлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг огоҳлантиришича, коронавирус инфекциясининг дунё мамлакатлари аҳолиси орасида тарқалиши янада шиддатли тус олмоқда.

Жумладан, бизга қўшни мамлакатларда ҳам сўнгги кунларда аҳоли орасида касаллик қайд этилганлар сони кескин кўпайиши натижасида, тиббиёт тизими катта босим билан ишламоқда, жой ва дори-дармон тақчиллиги юзага келган.

Юртимизда ҳам охирги кунларда аҳоли орасида касаллик қайд этилиши сезиларли даражада ошган.

Сўнгги маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатимизда “COVID-19” аниқланганлар 10143 нафарни ташкил этмоқда.

Шундан 6584 нафари соғайган бўлса, ўлим кўрсаткичи 35 нафарга етди. Даволанаётган беморлар 3524 нафар бўлиб, шундан 285 нафари ўрта оғир, 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда. Беморларнинг 172 нафарида пневония жараёни кечмоқда.

Юртимизда коронавирус билан боғлиқ ҳар қандай хавотирли ҳолатга қарши олдиндан зарур чоралар кўрилган бўлса-да, коронавирус юқтирганларнинг ошиб бораётгани барчамизни хушёр торттириши лозим.

Ҳозирда кўпчилигимиз коронавирус инфекцияси билан касалланиш, унинг оқибатлари ҳақида кўплаб маълумотлардан хабардормиз. Унинг тез юқувчанлиги ва аломатлари борасида ҳам маълум тушунчаларга эгамиз.

Аммо “COVID-19”га чалинган беморларнинг аҳволини ўз кўзингиз билан кўрганингизда янада хушёр бўлиб, карантин қоидаларига қатъий риоя этишнинг қанчалик муҳим эканлигига яна бир бор амин бўласиз.

Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасидан олинган қуйидаги видеолавҳада, гувоҳи бўлганингиздек, беморда коронавирус инфекцияси ўта оғир кечмоқда.

Аҳволи оғирлашгани боис, шифокорлар томонидан сунъий нафас олиш аппаратига уланиб, тезкор реанимацион тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.

Мазкур видоелавҳадаги жараён барчамиз учун аччиқ сабоқ бўлиши керак. Эртага ўзимиз ёки яқинларимизнинг ҳам коронавирусга чалиниб, шу аҳволга тушмаслигимизга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Чунки, ён-атрофимизда касаллик ташувчи бўлиб юрганлар ёки коронавирусга чалинган бўлса-да, ҳали аломатлари юзага чиқмаган фуқаролар бўлиши мумкинлигини аҳоли орасида касалликни юқтириб олаётганларнинг кўпайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Бундай вазиятда коронавирус тарқалишининг олдини олишда аҳолининг карантин қоидаларига риоя этиши тиббиёт ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар саъй-ҳаракатларидан ҳам кўра, самаралироқ ҳисобланади.

Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан тийилишларини, ва албатта, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқобни тўғри тақиш каби карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади.