$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

“Слово пацана” сериали саундтреклари: “Пыяла”дан “Я хочу быть с тобой”гача

Слово пацана Йигит сўзи Yigit so‘zi

Сериал ҳақидаги асосий мақола бу ерда

Бугун ўзбек томошабинлари учун ушбу сериал шу қадар оммалашдики, Ҳожибой Тожибоев таъбири билан айтсак, дазмолни ёқсанг ҳам Аигел “Мәхәббәт пыяласын...” деб чўзиб қолади. Хўш, сериалда қайси мусиқалардан фойдаланилган?

АИГЕЛ — “Пыяла”

Айгель Гайсина ва Илья Барамиядан иборат рус электрон хип-хоп гуруҳи томонидан 2020 йилда чиқарилган “Пыяла” номли албомдаги ушбу татарча мусиқа “Слово пацана” (“Йигит сўзи”) сериалидан кейин янада машҳурликка эришди. Трек бугунги кунда қатор мусиқий платформаларда биринчиликни эгаллаб ҳам улгурган. Бунга нафақат сериалнинг оммалашуви, балки Instagram, YouTube, Tik Tok каби платформалар алгоритмида ўзаро улашувлар ҳам сабаб бўлган дейиш мумкин.

Декабр ойидан бугунгача ушбу трек русийзабон ва Осиёдаги постсовет минтақаларда энг кўп қидирувга берилган мусиқа бўлди. Шунингдек, глобал “Shazam” чартида биринчи ўринда, АҚШ бўйича “Tik Tok” платформасида кучли йигирмаликда турибди. 

YouTube'да тингланг

Айтганча, юртимизда ҳам ушбу мусиқа “Қизил кўйлагим”дан кўра кўпроқ эшитилган. Хафа бўлиш йўғ-а.

Solovyova, ZIBOROV — Котылу

Ушбу тарона айнан сериал учун фон мусиқаси сифатида яратилган. Негаки, яратилиш тарихига кўра ҳам у айнан жорий йил ноябрининг биринчи ярмида эълон қилинган. Таронадаги мавҳумлашган ижро ва мусиқа қоришмаси тингловчида ўзига хос ҳиссиётлар эйфориясини уйғотади. 

Шу билан бирга тарона матни мазмунан ўзаро шахсий тажрибалар, ҳис-туйғулар ҳамда умуммавзуларни бўлишишга даъват этади. Бундай лирик ёндашув ўзаро яқинлик ҳисси сабаб кишига ритм ва битлар билан ҳамоҳанг кайфият беради.

YouTube'да тингланг

Егор Летов — “Зоопарк”

1984 йилда ёзилган мусиқа сериал яратилган даврнинг ўзига хос машҳур қўшиқларидан эди. Шунингдек, таронадаги ўзига ёт бўлган жамиятдан кетиш истаги, Иттифоқ парчаланиши арафасидаги маҳдудлик кайфияти, қайта қуриш даврининг депрессив ҳорғинлиги, умуман, воқеликка нисбатан апатия уйғотувчи матн сериал акс эттирган даврни очиб беришга ажойиб тарзда хизмат қилган. Ушбу қўшиқ бугунги авлоднинг ахборотлар уммони орасидаги ўзини йўқотганлик кайфияти билан мувофиқлашганлиги ҳам сериалга ижобий таъсир ўтказган дейиш мумкин.

YouTube'да тингланг

Юрий Шатунов, “Ласковый май” — “Седая ночь”

Сериалнинг илк қисмидаёқ Марат ва Андрейни бирлаштирган ушбу “Седая ночь” мусиқасини биз бемалол ўз даврининг хитларидан дея оламиз. Умуман олганда, қўшиқ ёшлар орасида шу қадар оммалашган эдики, ўтган асрнинг 80-90 йилларининг авлодлари, агар Шатуновнинг ижросини қўшишмаганларида, сериал муаллифларини “оқ” қилишлари мумкин эди.

Ўсмирларнинг севги бобидаги ҳиссиётларини чиройли тарзда очиб бера олган ушбу тарона сериалда ҳам инсоннинг муҳаббат олдидаги ожизлигидек азалий қисматнинг янада жозибали чиқишига ҳисса қўшган дейиш мумкин.

YouTube'да тингланг

Наутилус Помпилиус — “Я хочу быть с тобой”

Сериалда Адидас томондан гитара билан куйланган ушбу қўшиқ ҳам 1987 йилда чиқарилган бўлиб, 80 йиллар охири учун севимли тароналардан эди. Наутилус Помпилиус гуруҳи томонидан куйланган ушбу хит ёшларнинг алоҳида бир ҳиссий ифода воситасига айланиб улгуранди.

YouTube'да тингланг

Умуман олганда, сериал учун танланган мусиқа ва тароналар маълум бир даврни акс эттиришга қаратилганлиги сабаб, каттагина қисми тингловчиларга янгилик бўлмаслиги мумкин. Аммо рус мусиқасида рок, поп-рок, хэви-метал, глэм-метал, хэир-метал каби жанрларда яратилган ажойиб қўшиқларни яна қайта “жонлантириб” бера олгани рост.

Сиз ҳам дам олиш кунларини “Жанзе” ва “Унақамасдину”лар билан ўтказиб юбормайсиз, деган умидда ушбу маълумотларни тайёрладик. Кунингиз хайрли ўтсин.