$
 12705.00
-6.0
 13543.53
5.04
 136.11
-0.2
weather
+26
Кечаси   +14°

"Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкин" — Шавкат Мирзиёев

Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев бир вақтлар ёпилган, ҳажми 2,5−3 млрд куб метр бўлган Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга тушишини маълум қилди. Иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистонда, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади.

1 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида ўтказилган йиғилишда Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншооти яна қайта ишга туширилиши мумкинлигини маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

«Афсуски, ўз вақтида Сўхдаги ерости газ сақлаш иншооти айрим сабаблар билан ёпиб қўйилган эди. Қирғизистондаги давлат ташрифи чоғида Садир Жапаров билан бу масалада ҳам келишиб олдик. Яқинда энергетика вазиримиз Қирғизистонга бориб, техник томонларини келишиб келади», — деди президент.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг айтишича, Шимолий Сўх ерости газ сақлаш иншоотининг ҳажми тахминан 2,5−3 млрд куб метр атрофида. Шундан 1,3 млрд куб метр газдан фойдаланиш мумкин, қолгани буфер зонада туради. Бу дегани қиш мавсумида водийни ҳар куни 13 млн куб метр газ билан таъминлашга имконият бўлади.

«Мазкур иншоотнинг асосий газ сақлаш қисми Қирғизистон ҳудудида жойлашган, компрессорлар эса Ўзбекистон ҳудудида. Шу сабабли иншоотдан умумий фойдаланиш борасида музокаралар олиб борилади. Энг аввало, ишчи гуруҳ барча техник ва иқтисодий томонларини батафсил ўрганиб чиқади. Чунки иншоотдан анча йиллардан буён фойдаланилмаган, ҳозирги ҳолатини яхшилаб ўрганиб чиқишимиз керак. Шундан сўнг шартлар келишиб олинади. Балки бу ижара ҳуқуқи асосида бўлар, лекин ҳозирча бирор фикр айтишга эрта», — деди вазир.