Фаровонлик даражасида 100, симли интернет арзонлиги бўйича 25-ўрин — халқаро рейтингларда Ўзбекистон
2023 йил давомида мамлакатимиз учун устувор бўлган ижтимоий-иқтисодий соҳага оид 9 та, сиёсий-ҳуқуқий соҳада 10 та халқаро рейтинг натижалари эълон қилинди.
3 daqiqa o‘qiladi

(Аввалроқ мақоланинг биринчи қисмини эълон қилган эдик.)
Халқаро рейтинг ва индекслар ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш жараёнини ўзида намоён этиб, давлат бошқаруви сифати, аҳолининг турмуш даражаси, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси, тадбиркорлик фаолияти ва хорижий инвесторлар учун қулай муҳит, барқарор иқтисодий ўсиш ва рақобатбардошлик каби муҳим жиҳатларнинг кўзгусидир.
Ҳар йили турли рейтинг ва индекслар эълон қилиниб, Ўзбекистоннинг ўрни кўтарилиши, жорий ҳолатида сақлаб қолиниши ёки пастлашиши мумкин. Хўш, 2023 йил давомида натижалар қандай бўлди?
Аёлларнинг жамиятдаги ўрни
Аёллар хотиржамлиги ва хавфсизлиги индекси (Women Peace and Security Index) аёлларнинг жамиятдаги ўрни бўйича давлатлар рейтингида Ўзбекистон 177 та давлат ичида 94-ўринни эгаллади.
Women Peace and Security Index рўйхатида келтирилган давлатлар аёллар хавфсизлиги, жамият ишларига аралашиш ва уларга нисбатан адолат мезонлари бўйича сараланган.
Рейтингга кўра, аёлларга бўлган энг яхши шароит бўйича Дания биринчи ўринни эгаллаган. Швейцария иккинчи ва Швеция учинчи ўринда қайд этилган. Аёллар энг кўп азият чекадиган мамлакат сифатида Афғонистон (177-ўрин) энг сўнгги ўринни эгаллаган.
«Аёллар, бизнес ва қонун» индекси
Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида юртимиз хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 190 та мамлакат ичида 2023 йил 138-ўринни эгаллади.
Ушбу индексда 2022 йил 135-ўрин, 2021 йил эса 134-ўрин қайд этилган.
Фаровонлик даражаси
Марказий Осиё давлатларининг фаровонлик даражаси бўйича рейтингда Ўзбекистон 167 давлат орасида 100-ўринни эгаллади.
Фаровонлик индекси 2006 йилдан бери дунё мамлакатлари эришган ютуқларни уларнинг фаровонлиги нуқтаи назаридан ўлчайдиган кўрсаткичдир.
Индекс жамиятнинг турли жиҳатлари ва ижтимоий фаровонлик параметрларини акс эттирувчи 12 тоифага бирлаштирилган ҳисоб-китоблар асосида тузилган.
Ушбу рейтингда Қозоғистон 69-ўрин, Қирғизистон 94, Туркманистон 107-ўринда қайд этилган. Тожикистон ушбу рейтингда дунёнинг 167 давлати орасида 113-ўринни эгаллаган. Бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг паст кўрсаткич.
Ўзбекистонда яшаш қимматлашган
Жаҳон статистика агентлиги Numbeo порталига асосаланган ҳолда яшаш учун энг арзон бўлган мамлакатлар рейтингини тузиб чиқди. Унга кўра, Ўзбекистон 9-поғонани банд этди.
Рейтинг мамлакатларнинг яшаш нархи, асосий товар ва хизматларининг маҳаллий нархларидан келиб чиқиб тузилган. Қоида тариқасида, яшаш нархини ҳисоблаш маълум бир шаҳардаги ижара, ипотека ва соғлиқни сақлашдан то нонгача бўлган турли эҳтиёжларнинг нархини қайд этишдан бошланади.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2019-2020 йилларда ушбу рейтингда 6-поғонада бўлган.
Энг яхши университетлар рейтинги
QS Sustainability Rankings – 2024 дунёдаги энг яхши университетлар рейтингига Ўзбекистоннинг учта олий таълим муассасаси кирди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 701-ўринни, Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети 1101-ўринни, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 1201-ўринни эгаллади.
Умумий рейтингга 95 мамлакатдан 1397 та таълим муассасаси киритилган бўлиб, улар экологик таълим, атроф-муҳитга таъсири бўйича, экологик барқарорлик, таълим бошқаруви, билим алмашиш кўрсаткичлари билан баҳоланади.
Симли интернет арзонлиги бўйича 25-ўрин
Cable.co.uk сайтининг Интернет арзонлиги юзасидан тузилган рейтингида Ўзбекистон симли интернет арзонлиги бўйича 219 та давлат ичида 25-ўринни (ўртача Интернет нархи 15,48 АҚШ доллари) ҳамда мобиль интернет арзонлиги бўйича 233 та давлат ичида 22-ўринни (ўртача Интернет нархи 0,30 АҚШ доллари) эгаллади.



