$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Шавкат Мирзиёев: Наманганнинг меҳнаткаш, фаол, илмли халқи яхши яшашга муносиб

Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида Наманган шаҳрида вилоят ва туман ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари билан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд қилинишича, йиғилишда Наманган вилоятида камбағалликни қисқартириш, таълим муассасалари битирувчиларини касб-ҳунарга қамраб олиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича ҳозирги аҳвол пухта таҳлил қилиниб, амалга ошириладиган долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Бугунги кунда вилоятда ўсиш нуқталарини аниқлаш ва ишга солиш, шу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим шарти ҳисобланади. Президент бу борада вилоятда ташкил этилиши зарур бўлган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, саноат, кичик ва ўрта бизнес, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш соҳалари вилоят иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим драйверлари бўла олади. Ушбу соҳалар бўйича Наманганда катта тажриба бор. Шунга мувофиқ, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш орқали муҳтож оилаларнинг 12 мингдан ортиқ ишсиз аъзоларини банд қилиш ва йил охирига қадар камбағал оилалар сафидан чиқариш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Хусусан, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги 600 та тадбиркор фаолиятини тиклаш орқали 2 мингта ходим иш жойига қайтади.

Давлат раҳбари туман ва шаҳарлар кесимида вилоятда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва ушбу лойиҳалар учун 80 миллиард сўм маблағ ажратилишини қайд этди.

Ушбу маблағга қўшимча равишда яна 100 миллиард сўм ажратилади. Карантин шароитида тушуми камайган тадбиркорларни айланма маблағ билан таъминлашга 2,3 триллион сўм, жорий йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга 350 миллиард сўм кредитлар йўналтирилади.

Вилоятда заргарлик саноатини ривожлантириш, Наманган шаҳрида 2 йилда 4 мингта янги иш ўрни яратилган замонавий заргарлик маркази ташкил этиш, бу ерда “устоз - шогирд” тамойили асосида ишсиз юрган ёшларни ҳунармандчиликка жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

2020-2021 йилларда Чортоқ туманини комплекс ривожлантириш, ҳудуддаги фойдаланилмай ётган 3 минг гектар ерни ўзлаштириш ва тупроқ-иқлим шароитига мос экинларни жойлаштириш чоралари кўрилади.

Вилоятда 2020-2021 йилларда қиймати 16,3 триллион сўм бўлган 1953 та ҳудудий лойиҳа амалга оширилиб, 55 минг янги иш ўрни яратилади. Шундан жорий йилда умумий қиймати 8,3 триллион сўм бўлган 1652 та лойиҳа ҳаётга жорий этилиб, 35 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

Бугунги кунда Европадаги машҳур брендлар Наманганнинг костюм-шимларини тан олмоқда. Шу боис, йирик тўқимачилик корхоналарига ер ажратилиб, вилоятда пахтани чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтилмоқда.

Президент пахта-тўқимачилик кластерлари ушбу эътиборга муносиб ҳаракат қилиши, кўпроқ даромад олиб, одамларни иш билан таъминлаши зарурлигини таъкидлади.

Вилоятда қуёнчилик, асаларичилик, чорвачилик, паррандачилик бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди. Хусусан, Наманган туманида 4806 та хонадонда иссиқхоналар ташкил этиш, йил охиригача чорвачилик йўналишида қиймати 386 миллиард сўм бўлган 84 та лойиҳани амалга оширишни якунлаш топширилди.

Бунда четдан 13 минг бош наслли қорамол, 13 минг бош жўн йўналишидаги эчки ва шунча қўй олиб келиниб, Поп ва Чуст туманларидаги хонадонларга тарқатилади. Йиллик қуввати 10 минг тонна сут ва минг тонна гўштни қайта ишлаш бўйича янги қувватлар ишга туширилади.

Йиғилишда уй-жой, инфратузилма қурилиши, аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, таълим, маданият соҳаларини ривожлантириш, инқирозга қарши халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш, янги корхоналарни барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш, экспортни кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланди.

Наманган вилояти нуфуси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бу эса ҳудудни демографик бошқариш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда қийинчилик туғдирмоқда. Шу муносабат билан Президентимиз Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини қайта ташкил этишни таклиф қилди.

– Наманганнинг фаол, меҳнаткаш, илмли халқи яхши яшашга муносиб. Бунинг учун давлатимиз барча имкониятларни ишга солади, – деди пировардида Шавкат Мирзиёев.

Тадбирда Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, иқтисодиёт тармоқлари мутасаддилари, ҳокимлар ҳисоботи эшитилди.