$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“Қора дайжест”: 2024 йил 10 февраль воқеалари

2 10

Бир ойда 94,5 миллиардли талон-торож

2024 йилнинг январ ойида Ўзбекистонда 94,5 млрд. сўмлик табиий газ ва электр энергияси талон-торож қилинган. Маълум бўлишича, январ ойида ўтказилган назорат тадбирларида 995 истеъмолчи томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Унга кўра, 20 млн 486 минг кВт/соат электр энергияси ҳамда 47 млн 387 минг метр куб табиий газ талон-тарож қилинган. Бунинг оқибатида давлат манфаатларига жами 94 млрд 542 млн сўм зарар етказилган.

Республиканинг барча ҳудудларида инспекция томонидан 24 969 та профилактика тадбири ўтказилган. Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 937 та маъмурий иш расмийлаштирилган.

Каналга тушиб кетган "Nexia 2" олти кундан кейин топилди

3 феврал куни Наманган вилоятида Поп ва Мингбулоқ туманларини боғловчи каналга "Nexia 2" машинаси тушиб кетган.

"Nexia 2" ҳайдовчиси машинани Мингбулоқ туманидан Поп тумани Тўда қишлоғи томонга олиб ўтиш учун паромга чиқарган. Бироқ у тажрибасизлик қилган ва машина каналга тушиб кетган. Машина ичида бўлганлар ҳодиса содир бўлган пайтда машинадан чиқиб олишган. Автомобиль эса оқиб кетган. Машинани қидириш ишлари олти кун давом этган ва у 2024 йил 9 феврал куни 8 метр чуқурликдан аҳоли ёрдамида чиқариб олинди. Қайд этилишича, ҳодисада ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган.

Йўл четига чиқинди ташлаган ЙПХ ходими жаримага тортилди

Тошкент шаҳрида ЙПХ ходимларидан бири қўлидаги чиқиндиларни кўча четига ташлаган. Унинг бу қоидабузарлиги ўша атрофда бўлган машиналардан бирига ўрнатилган кузатув кемарасига тушиб қолган. Ҳодиса тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Тошкент шаҳар экология бошқармаси ходимлари томонидан ЙПХ ходими топилган ва унга қонуний чора кўрилган.

606 нафар фуқарони "ухлатган" фирибгарлар ушланди

Фарғона вилояти Данғара туманида 1993 йилда туғилган С.Н. 2023 йил 19 сентябр куни Қарши шаҳрида “Қарши кредит” МЧЖни ташкил этган. У МЧЖга 1999 йилда Тошкент шаҳрида туғилган С.Ж.ни иш бошқарувчи этиб тайинлаган. Бироқ С.Ж. савдо-сотиқ, реклама ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатиш ишлари билан шуғулланиши лозим бўлса-да, ғайриқонуний равишда кўплаб фуқароларнинг пул-маблағларини кредит бериш орқали жалб этишга эришган. С.Ж. жиноий шериклари билан биргаликда жуда кўп маблағларни ўзлаштириш мақсадида одамларга дастлабки тўлов эвазига кредитга пул беришга келишиб, олдиндан бошланғич тўлов сифатида пулнинг 20 фоизини олиб, қолган, ваъда қилинган пулларни мижозларга бир ой ичида нақд пул кўринишида беришини айтиб, мижозларининг ишончини қозонган.

Шундан сўнг мижозлар билан шартнома имзолаб, пулларни олиб қолишади ва уларни ҳисоб рақамларига ўтказгандай кўрсатишади. Шу тариқа 2023 йил 19 сентябрдан 2023 йил 26 октябргача бир ойдан кўпроқ вақт давомида 606 нафар одамдан 6 млрд 462 млн 550 минг сўм пулларни қабул қилиб олган. Сўнг жуда кўп миқдордаги пулларни нақд пул кўринишида ўзлаштириб, ўзларининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборган.

Клипмейкер вафоти

Таниқли клипмейкер Жасур Шаметов вафот этди.

Жасур Шаметов “Зарб”, “Гуноҳ”, “Пойма-пой”, “Садоқат”, “Қалбаки дунё”, “Аччиқ ҳаёт”, “Қалбим ўғриси” каби бир қанча бадиий филмларда операторлик, “Маҳаллада нима гап” мусиқий-комедик филмида режиссёрлик қилган. Райҳон, Лола, Шоҳруххон, Муниса Ризаева, “Афрўз” гуруҳи ва бошқа хонандаларнинг ўнлаб клипларини тасвирга олган. Шунингдек, Жасур Шаметов 2021 йили “Заковат” клубининг янги мадҳияси бўлган Шоҳрух репернинг “Заковат” қўшиғига клип ҳам суратга олган эди.