“Даъво қаноатлантирилса, яхши. Қаноатлантирилмаса-чи?!” — Алишер Қодиров “UzAutoMotors” можаросига муносабат билдирди
Алишер Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “UzAutoMotors” ва депутатлар ўртасидаги вазиятга ўз муносабатини билдирди:
2 daqiqa o‘qiladi

Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAutoMotors” АЖга автомобил нархларини тушириш бўйича кўрсатма бергани ҳақида хабар қилгандик. Бунинг ортидан бир гуруҳ депутатлар, Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳамда “UzAutoMotors” ўртасида баҳс-мунозаралар давом этди. Компания нархларни туширмаслиги, судга шикоят қилшини билдирди. Миллий тикланиш демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “UzAutoMotors” ва депутатлар ўртасидаги вазиятга ўз муносабатини билдирди:
“Ўзавтомоторс”нинг ягона акциядори “Ўзавтосаноат”. “Ўзавтосаноат”нинг ягона акциядори Ҳукумат. Ҳукумат сайловларда энг кўп овоз олган ЎзЛиДеПнинг тавсияси билан шаклланган.
ЎзЛиДеП “Ўзавтомоторс” масаласини ўзи тавсия қилган Ҳукуматга эмас, Ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган Рақобат қўмитаси ва Прокуратурага арз қилди. Бу ишончсизликка сабаб нима?
Муаммони суд тартибида кўриб чиқилиши, албатта, жуда яхши, халқ ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлади, лекин суднинг қарори қандай бўлишидан қатъи назар, ЎзЛиДеП бу муаммони аввал Ҳукумат билан муҳокама қилиши керак эди. Чунки монополистлар билан боғлиқ муаммо фақат "Ўзавтомоторс"да тугамайди. Халққа қиммат автомашина сотиб зарар етказаётган монополистни судга бериб, таннархидан арзон электр энергия ва газни сотиб, зарарини бюджет маблағларидан қоплаб келаётган бошқа монополистни бошини силаб ривожланиб бўлмайди. Бозор талаб ва таклифга таяниб, манфаат учун ишлаб чиқаради. Ҳамма нарса шаффоф бўлиши керак. Ҳар икки ҳолат ҳам Ўзбекистоннинг ривожига хизмат қилмайди. Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар монополияларни босқичма-босқич тугатиш, бозорга мослаштириш, ЖСТга аъзолик шароитида рақобатга тайёрлашни мақсад қилган. Биз ҳали тўлиқ бозор талабларига жавоб берадиган иқтисодиётга эга эмасмиз. Ҳукумат мураккаб мувозанатни ушлаб туриш учун ностандарт қарорлар билан ишлашга мажбур бўлаётганини рад этиб бўлмайди. Шундай шароитда ўзи тавсия қилган Ҳукуматнинг бу масаладаги фикрини эшитмасдан шовқин кўтариш, узоқни ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмас.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, айнан шу мунозара сабабли “Ўзавтомоторс”нинг хорижий ҳамкори томонидан йирик лойиҳа тўхтатиб қўйилди. Бу минглаб ватандошларимиз учун режалаштирилган иш ўринлари эди. Даъво қаноатлантирилса, яхши, автомобиль нархлари мувофиқлаштирилади, харидорларга етказилган зарар қоплаб берилади...
Қаноатлантирилмаса-чи?!
Мамлакатнинг автомобилсозлик соҳасида йўқотишлар, етказилган зарарни қоплаш учун Рақобат қўмитаси раҳбариятининг истеъфоси ёки етакчи партиянинг узри етарли бўладими?
Қарор қандай бўлишидан қатъий назар ўтган беш йилликда ҳам, бу беш йилликда ҳам Ҳукуматни тавсия қилган (шу давр ичида автомобиль нархини белгилаб берган) ЎзЛиДеП бу можародан халқ ишончини суистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади.



