$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Маданият вазири 17 ёшли қизини эрга берган

Ёрқинхўжа

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков қизини қўшиқчи Ёрқинхўжа Умаровга турмушга берганди. Ушбу тўй кўпчилик томонидан муҳокама қилинган, энг шов-шувли воқеаларидан бири бўлганди. Куёв боланинг мухлисалари соч юлиб қолган бу никоҳнинг “миси” чиқиб келяпти, шекилли.

“Сиз менинг невара келинимсиз...”

Сентябрь ойида бўлиб ўтган тўй довруғи босилмай туриб, энди яна бир хабар тарқалди. Ёрқинхўжа Умаровнинг онаси Зоҳида Умарова ўз интервьюларидан бирида келинининг ҳали ёш эканлигини таъкидлаб, ўзига ҳам “гўдагим, сиз менинг неварамсиз” деб айтишини маълум қилган. Бу маълумотлардан сўнг ҳайрат билан келиннинг ёшини сўраган бошловчига берилган жавоб ҳақиқий кульминацион нуқта — “17 ёшдалар!”

Ғалати парадокслар

“Абдуллажон” фильмида айтилганидек, “Колхозимизда ғалати ишлар бўляпти”. Бир ёқда бутун бошли ҳукумат эрта никоҳга қаршилик билдирса, бир томондан Болалар омбудсмани унаштирувни “туғилган кун экан” деб беркитишга ҳаракат қилади. Яна бир томондан мажбурий никоҳларнинг олдини олиш керак деб жар солишса, ҳатто аёллар берган аризага кўра ажрим тезроқ ҳал қилинишига томон қадам босилса, бошқа тарафда битта давлатнинг маданиятига, жумладан, ўша тўй-маросим масалаларига ҳам қисман жавобгар одам ўз қизини 17 ёшида турмушга узатади. Кейинги йиллардан кетмонларимиз учиб, тарвузларимиз уйдек-уйдек бўлиб қолса, ҳайрон бўлмаслик керак.

Ҳолат юзасидан ҳали расмий баёнот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан буён Ўзбекистон қонунчилигида никоҳ ёши йигитларга ҳам, қизларга ҳам бирдек — 18 ёш этиб белгиланган. Шунингдек, узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.