$
 12795.02
14.93
 13894.11
4.71
 131.62
-0.05
weather
+26
Кечаси   +14°

Туғилган кун томошаси: сизларда уят борми?

qizaloq

Бир неча кунлардан буён ижтимоий тариоқларда 7 синф ўқувчи қизнинг унаштирилгани ҳақидаги видеолавҳа турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Масъуллар ўрганишларига кўра, қизнинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбир экани тўғрисида тушунтириш берган. Видеодаги лавҳада эса тилла тақиш худди 


Унаштируви одамларни бир ғазаблантирган бўлса, ҳолатни хаспўшлаш икки карра ғазаблантирмоқда

Журналист Барно Султанова:

Шу видеони кўриб баъзи англашилмовчиликларни аниқламоқчиман. Аввало видеода бирон марта туғилган кун деган ибора ишлатилмади. Бирон марта! Ё мен ўтказиб юбордимми, ё мен эшитмадимми? Нима учун туғилган кунда, мактабни аъло баҳоларга ўқи, келажакда бирор касбни эгалла, ана борингки шифокор бўл дейилмади, айнан БАХТЛИ бўл деб тилак билдирилди. Бахтли бўл деган тилак фақат тўй ёки унаштирувда айтилади. Ёки бирортангиз фарзандингизни, бўлиб ҳам 7-синфда ўқийдиган қизингизга бахтли бўл деб тилак билдирасизми? Тўғри ич-ичингиздан хоҳлайсиз аммо қизалоққа бу гапни айтмайсиз. Мактабни битирган қизга айтсангиз ҳам ярашарди. Туғилган кунинг билан табриклайман, деб айтишга нима монелик қилди? Яна қайтариб айтаман бирон марта туғилган кун ҳақида гап бўлгани йўқ.  

Агар ростдан ҳам РОСТни юзага чиқариш бўлса ният бизга тилла таққан аёлнинг кимлигини айтинг, онасими, холасими, аммасими? Тўғри қариндошлар ўртасида ҳалиям никоҳлар қайд этилиши учраб турибди. Агар бу аёл қизнинг аммаси, холаси бўлган тақдирдаям ажабланмаймиз. Балки аммасидир, балки холасидир. Аммо қайси хола ёки амма жиянига тилла тақади, туғилган кунда!? Реал қарайлик воқеага. Фақат келиннинг бўйнига, қулоғига тилла тақиш мумкин. Тўғри жиянига жуда қиммат совға берадиган амма, хола, оналар бор... Фақат тилла эмас. Тилла унаштирилаётган қизга тақилади!

Яна битта савол, қиз нега тилла таққан қариндошига (балки мутлақо бегона) қўлини кўксига қўйиб миннатдорчилик кўрсатиши керак. Яна реал ҳаётга қайтайлик. Уялиб ҳижолат бўлиб туриши керак? Кимнинг қизи уйда ота-онасию, амма-холасининг олдида қўлини кўксига қўйиб мулозамат қилади. Тан олинг ҲЕЧ кимнинг. Фақат келин қайнана ва куёвга, унинг хеш-ақробларига қўлини кўксига қўйиб мулозамат қилади.

Энг охирги саволим, агар видеода эшитган гапларимни қулоқларим алдамаётган ёки галлюцинация бўлмаса видео сўнгида аёллар қизга нега ҚЎША қари, деди? Эрга теккан аёл ёки турмушга чиқаётган қиз-йигитга айтилмайдими қўша қари деган тилак. «Ҳали жуда қизиқ бўлади, айниқса шоколади келса», деди яна бир аёл, «Ҳали кичкинада билмайди (мулозаматни)», дейишди. Қиз янада ҳижолат бўлди. Худди янги келинчакдек, асло ота-онаси туғилган кунини нишонлаётган эрка қиздек эмас.

Вой-воей...Исбот, далил бўлиб туриб ҳам бу унаштирув эмас, бу туғилган кун эди деб одамларни лақма қилишга нима ҳаққингиз бор? Ижтимоий тармоқларда бу қизчанинг унаштируви одамларни бир ғазаблантирган бўлса, кўриб турган нарсамизни, йўқ бу аслида бошқа нарса эди деб ҳаспўшлаётганларингиз икки карра ғазаблантирмоқда. Қачон мард бўлиб хатоларни тан олишни ўрганамиз. Биздан уялмасанглар ҳам қизалоқдан, келажакда адолатли жамият қуришни кўриш истагингизни амалга оширадиган ЁШлардан уялинглар!

Жамиятнинг энг жирканч қатлами

Журналист Достон Раҳмат ўз саҳифасида ёзмоқда: 

Нима қилибди, 13-14 ёш бўлса, бу унаштирувмас, шунчаки белги қилиб қўйишяпти, деб пост ва изоҳ ёзганлар, сизлар жамиятнинг энг жирканч қатламисиз, қайтараман, энг жирканч қатлами. Чунки сизда ўша аёлларчалик ҳам фикр йўқ. 

Қиз рози бўлса бўлди, бераверсин, дейдиганларга савол, болада мустақил фикр бўладими бу ёшда? У қаердан билади ҳали эр, қайнона, рўзғор деган нарсаларни? Ҳатто бешикда пайтиёқ атаб қўядиган манқурт оталар ҳақида эшитганман. Бешикдаги гўдак ҳам рози бўлган бўладими шунда? Нима, ҳаёт сизга “Алпомиш” достоними?

Сиз нафақат унинг болалагини олиб қўйяпсиз, балки унинг бошига 15 ёшли “хўжайинча”ниям боғлаб беряпсиз. 15 ёшли бола ўзидан эр ясаволади. 

Келинг, узоққа бормайлик, агар сизда 20 ёшингизда туғилган фарзандингиз билан 35-40 ёшда туғилган фарзандингизни солиштириш имкони бўлса, солиштиринг, қайси бири кўпроқ ақлли, қайси бири соғломроқ эканига гувоҳ бўласиз ва нима учун кичиги? Чунки стресс ва ўтиш даврида туғилган фарзандларнинг кўпчилигига бу барибир ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Нима учун Япония, Корея, Хитой бутун дунёни ўз акқли билан эгаллаб бораётгани сизни бир марта бўлса ўйлантирсин. Чунки уларда шунчаки, палапартиш туғиш йўқ, туғилиш йўқ. Фарзандларини камида 35 ёшдан кейин, соғлом қилиб туғишади. Биз исломий жамиятда яшаймиз, деб оғизга уриб қочманг. Исломий жамиятда уйланиш, унаштириш мумкин дегани шарт деганимас. 15 ёшида бола туққан она эртага 15 йил ўтар-ўтмас, ўғлини уйлантиради, қизини узатади. 

Фарзандларини соғлом, кенг фикр, стресслардан ҳоли бўлиб туғмаган она фақат Ўзбекистон мардикор бозорини ривожлантириб бера олади, холос. Ундан кўп нарса кутиб бўлмайди.

Масъуллар ҳисоботлардан бош кўтариб атрофга ҳам бундай қараб қўйиши керак

Дард устига чипқон деганларидек, эрта турмуш муҳокама қилинар экан, юртимизда бундай ҳолатлар жуда кўплига айтилмоқда, турли «тилла тақиш» маросимлари акс этган видеолар тарқалмоқда. Жумладан, Илёс Сафаров шундай ёзади:

«Вояга етмаган қизларнинг мажбуран турмушга бериб юборилиши масаласи кўтариларкан, менга етиб келаётган маълумотлар вазият республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам оғир эканини кўрсатмоқда.

Шундай маълумотларда 7-8-синфлигида "загс"сиз турмушга берилаётган, 9-синфга чиқмай эса фарзандли бўлган қизлар ҳақида айтилади. Никоҳ гувоҳномаси бўлмагандан кейин уларнинг баъзилари фарзандини ҳатто уйда, яширинча дунёга келтимоқда.  

Масъуллар қоғоздаги ҳисоботлардан бош кўтариб атрофга ҳам бундай қараб қўйиши керак. Вазият яна муаммоли тус ола бошлаганини тан оладиган ва унга қарши курашни қайта бошлайдиган вақт етди.

Мактаб ўқувчиларини тўйдан олдинги тиббий текширувдан ким ўтказяпти, нега тўйга йўл қўйиб бериляпти, нега ўқитувчи, директорларнинг ўзи ўша тўйларга бориб ош еб, кўйлак кийиб қайтмоқда, никоҳ ўқиган ким, маҳаллаларда аҳвол ўғир бўлса, ҳокимлик ва ёшлар сиёсатига масъул бошқа органлар нега ўша вазиятни тартибга келтиролмаяпти, буларнинг ҳаммаси жиддий текширилиши керак».

“Жойи чиққани учун”

Дарҳақиқат, қизларни эрта турмушга бериш, бунинг натижасида оилаларнинг бузилиши ёки носоғлом фарзандлар туғилиши глобал муаммодир. Бу ҳақда керагидан ортиқ гапирилган, эрта турмуш сабаб умри хазон бўлган, ажрашган, боласидан айрилган, руҳий босимда яшайдиган қизлар тақдири, уларнинг ҳаёти ҳақида жуда кўп тасирли воқеалар айтилган, ёзилган бўлса-да, уларни 16-17 ёшга етар-етмас “жойи чиққани учун” узатиб юбориш ҳолати ҳалигача кўп учрайди.

Эрта турмуш оқибатлари ҳақида ҳикоя қилинганда, бахтини топиб кетган, чиройли ҳаётда яшаётган ёшлар ҳам борлиги таъкидланади. Хўш, бугун уларнинг неча фоизи бахтли, нечтаси ўз хоҳиши билан турмуш қурган, нечтаси олий маълумотли ва яна қанчаси соғлом ва яхши она?

Рақамларга юзланадиган бўлсак, эрта туғуруқ кўпайиб боряпти. 18 ва ундан кичик ёшда она бўлган қизлар сони:

2018 йилда – 1500 дан зиёд;

2019 йилда – 1200 та;

2020 йилда –1044 та;

2021 йилда – 1473 та.

Эрта никоҳнинг асосий сабабчиси – ота-она

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти эрта никоҳ ва эрта туғуруқ сабабларини аниқлаш бўйича эрта турмуш қурган ва эрта туғуруқни бошидан кечирган ўсмир қиз ва ёш келинлар ўртасида ўтказган ижтимоий тадқиқот натижаларига кўра, эрта турмушга чиққан келинларнинг 70 фоизи эрта никоҳнинг асосий сабабчиси сифатида ота-онаси ва оила аъзоларини кўрсатган. 26 фоиз иштирокчи эрта турмуш қурганини севги-муҳаббат билан изоҳлаган. 3,4 фоизи бу ҳомила билан боғлиқ бўлганини, 1,5 фоизи эса ёш эрга тегишига диний қарашлари сабаб бўлганини билдирган. Эрта турмуш қуриш оқибатида 38,2 фоиз ўсмир қизларнинг соғлиғи, 22,9 фоизида ота-онаси ва бошқа оила аъзолари билан муносабатлари ёмонлашган. 25,2 фоизи иқтисодий қийинчиликларга дуч келган.

Эрта турмуш қуриш ёшида ўсмирлар мактаб, коллеж ёки лицейда ўқиётган бўлади, шундан келиб чиқиб, респондентларга “Оила қурганингиздан кейин ўқишингизни давом эттирдингизми?” деган савол берилган. Саволга жавобан, бор-йўғи 37,6 фоиз респондент тўйдан кейин ўқишини давом эттирганини маълум қилган. Респондентларнинг 25,6 фоизи ўқишни давом эттиришга эри рухсат бермаганини, 17,1 фоизи ўқишни давом эттиришни ўзи хоҳламаганини, 13,3 фоизи эса ўқишига қайнона/қайнотаси қарши бўлганини айтган.

Янги муҳитдаги руҳий ва жисмоний зўриқиш, ҳали бола бўла туриб, онага айланиш, келажакда турли гинекологик касалликлар, оилавий ажрим, носоғлом фарзандлар – буларниинг барчаси эрта турмуш олиб келадиган оқибатлардир.

Ёш оилалар ажримларда етакчи

Оилавий ажримлар кўпроқ ёш оилалар ҳиссасига тўғри келади. 2018 йилда 32,3 мингта, 2019 йилда 31,4 мингта, 2020 йилда 28,2 мингта, 2021 йилда 39,3 мингта никоҳдан ажралиш қайд этилган бўлса, ажримларнинг асосий қисмини ёш жуфтликлар ташкил этади. 2022 йилнинг январ-октябр ойларида 40 200 та оилавий ажримлар қайд этилган. Оила қурганига 5 йил тўлмаган оилалар ўртасидаги ажримлар эса 17 628 та (44 фоиз)ни ташкил этади.

Бошқа томондан эрта никоҳ қизлар ҳуқуқларининг бузилишига ҳам олиб келади. Масалан, уларнинг таълим олишига тўсқинлик қилади. Касбий ва ҳаётий кўникмаларни эгаллаш имкониятларидан маҳрум этиб, эрта ҳомиладорлик хавфига солади, таълим олиш имкониятларини чеклаши туфайли меҳнат бозорида рақобатбардош касб ёки ҳунарга эга бўла олмайди. Бу эса, ўз навбатида, ноқонуний шаклда (айрим ҳолларда жиноий) иш билан таъминланиш, кам таъминланганлик каби салбий ижтимоий оқибатларга олиб келади.

Шу боис замонавий тиббиёт 16-17 ёшли қизлар турмушга тайёр эмаслиги, ҳомиладорлик ва туғуруқ ҳолатида қийналиб қолаётганини эътироф этиб, уларни 19-20 ёшларида турмушга беришни, йигитларга 20-22 ёшларда уйланишни тавсия қилади.

Ота-онасини жазоламанг, навбатдаги туғилган кун сценарийсини ёзиб, мажлис чақиринг

Юқоридаги маълумотлардан кўпчилик хабардор, тегишли жавобгарлик ҳам белгиланган. Лекин негадир бу чоралар вазиятни яхшиламаяптиб масъуллар эса кўриб кўрмасликка олишга, воқеаларни яширишга ҳаракат қилади. Бунинг бадалини эса болалиги ўғирланган, истаклари оёқ ости қилинган, нима бўлаётганини тушунишга ҳам қодир бўлмаган ёш қизалоқлар тўлаяпти. 

Жамоатчилик фаоли Гулноза Одилова шундай ёзмоқда:

На ақлий, на руҳий тайёргарликсиз, на бир қўлида иши бор организими ҳам хали тайёр деб бўлмайдиган гўдакларни эрга бериб хингирлашиб ўтирган кунда бир тўй-йиғин бўлмаса зерикиб ялтир- юлтурини киёлмай ўсал қоладиган аҳмоқ хотинлар галаси! 

Бу унаштирирувдан кейин максимум 5-6 ой ўтиб тўй бўлади. Қайнона шу гўдакдан тажрибали фаррош, стажли ошпаз, тили ширин хосстес, ҳар йил туғишга ярайдиган соғлом жувон вазифаларини талаб қила бошлайди. 

80% камқон бўлган бу қизларни битта таксикоз йиқитади. Рўзғорни тугул ўзини эплай олмайди. Кун ора уруш - жанжал. Эр Россияга кетади уст- устига оёғи дисплазия, черепной давленияли чақалоқларни туғиб, ўзида суяк емрилиш бошлайди ёш чоғидан уйида тузук овқатлана олмайди хатто! Бу касалликларни осмондан олмаяпман бориб статистикани кўтаринг Қашқадарёда ҳар икки гўдакдан биттасининг оёғи ё "икс"ё "о " образный. Черепной давление ва гиперактив синдроми билан туғилган. 

Иши, қўлида ҳунар йўқ, ижтимоийлашмаган интроверт( кўп қишлоқ қизларида кузатганман) қизларни қайнона ҳайдаб юборади. "На муомилани билади на чаққон-чаққон ишни қилади, на рўзғорга икки сўм пул олиб келади, касал товуққа ўхшаб ётгани ётган ҳомиладор бўлдим деб" ажратиб юборади. 

Ёлғиз онаман, пул беринг, ёрдаааааам! - деб аюханнос қилган стадиада сизлар иш қилаётганингизни кўрсатиб уни дафтарга тиқасиз, давлат ажратган пулга "тендерча" билан бир тийнга қиммат тикиш мошинкасини откат қилиб сотиб олиб бериб "ишли қилдик" деб отчетларни ёпасиз! Тайёр гўшт бу сиз учун! Газини босингизар! Ота- онасини жазоламанг, навбатдаги туғилган кун сценарийсини ёзиб мажлис чақиринг! Солиқ тўловчиларнинг пули мана шу тўй- тўй ўйнаб ҳингир томоша кўриб ўтирган аҳмоқ хотинларнинг 2-3 кунлик базмларидан кейинги талофотларни қоплашга кетса нима қилибди? Зато хотин- қизлар билан ишлаяпсизлар! Иш бўлаяпти иш!