$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Бепул тушлик — давомат, бўй ва вазнни оширади, касалликка чалиниш даражасини эса камайтиради

таомнома

Бироз аввал таълим муассасаларида болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар: таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхати тасдиқланади ва уларнинг истеъмоли камайтирилгани ҳақида хабар бердик.

Мавзу очилар экан, таълим муассасаларида болалар учун бепул тушлик масаласи яна ёдга тушади. Бугунги кунда юртимизнинг айрим ҳудудларидагина бошланғич синфлар учун бепул тушлик тарқатилади. Аммо қотган печенье, чириган олма каби воқеалар, аллақачон, ота-оналарнинг ҳафсаласини пир қилди.

“Бепул тушлик” деган оддий жумла ортида болалар саломатлиги, билимли, жисмонан ва маънан соғлом келажак авлодни шакллантиришнинг калити турибди. МҲТИ ўрганишларига кўра, мактабда овқатланиш бўйича хорижий мамлакатларда олиб борилган тадқиқотлар бепул тушлик дастурлари ўқувчилар давоматини ошириши, соғлом овқатланиш кўникмасини шакллантириши, болалар таълими ва соғлигининг яхшиланишига ижобий таъсир қилишини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ушбу дастурлар тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириб, маҳаллий қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш имконини беради.

Дунёда 41 фоиз бола мактабда овқатланиш дастурларидан фойдаланмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотларига кўра, 2020-2022 йилларда мактабда овқатланадиган болалар сони дунё миқёсида 7 фоизга, даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатларда эса 12 фоизга ошган. Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб бошланғич мактабга қатнайдиган болаларнинг тахминан 41 фоизи мактабда овқатланиш дастурларидан фойдаланмоқда: ушбу кўрсаткич даромади паст мамлакатларда 18 фоизни, даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатларда 39 фоизни ва даромади юқори бўлган мамлакатларда 61 фоизни ташкил этади.

100 миллиард сўм

Ўзбекистонда ҳам мамлакатнинг келажакдаги инсон капитали ҳақида ўйланган ҳолда болаларнинг таълим-тарбияси ва саломатлигини яхшилаш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурида мамлакатимиздаги барча мактабларда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантиришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. 2022 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш синов тариқасида жорий этилди. Бу мақсад учун ҳар бир ҳудудга давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Бепул овқатланиш дастури “қониқарли”

МҲТИ экспертлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги 40 та мактабда 4 мингдан ортиқ 1-4 синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари ўртасида сўров ўтказди. Аниқланишича, 2022-2023 йилларда мазкур ҳудудларда мактабларда бепул овқатланиш дастурининг амалга оширилиши “қониқарли” деб топилган.

Мактабларда овқатланиш дастурининг болалар давомати билан боғлиқлиги

МҲТИ томонидан Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган Ўзбекистонда болалар фаровонлиги индексини баҳолашга қаратилган лойиҳа доирасида ижтимоий сўров ўтказилди. Унда республиканинг барча ҳудудларидан 2000 дан ортиқ уй хўжалиги ва 3000 дан ортиқ бола иштирок этди. Сўров мактабларда овқатланиш дастурининг болалар давомати билан боғлиқлигини аниқлаш имконини берди.

Мактабга қатнаш даражасини 8 фоизга оширган

Мактабларда бепул овқатланиш бошланғич синф ўқувчиларининг давоматига қандай таъсир қилишини баҳолаш учун “Propensity score matching ” (ПСМ) моделидан фойдаланилди. Ушбу модель тажриба тариқасида бепул тушлик дастури қўлланилаётган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ва назорат ҳудудларида (республиканинг бошқа 12 та ҳудудлари) таққослаш учун бир-бирига ўхшаш хусусиятларга эга уй хўжаликларини аниқлаб беради. Ушбу икки гуруҳдаги мактабларда давомат даражаси т-тест бўйича таққосланганда бепул тушлик мактабга қатнаш даражасини 8 фоизга ошириши аниқланди.

Бундан ташқари, уй шароитида мунтазам равишда нонушта қилиш ва витаминлар, макро ва микроэлементларга бой озиқ-овқатлар, сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш каби соғлом овқатланиш одати нафақат болалар саломатлигини яхшилаши, балки мактабда дарсларни яхшироқ ўзлаштириш учун ҳам хизмат қилиши маълум.

Бепул овқатланиш рационини қайта кўриб чиқиш лозим

Шу боисдан МҲТИ мутахассислари бошқа мамлакатлар ва Ўзбекистоннинг синов ҳудудлари (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) тажрибасини ўрганиб, бир қатор тавсиялар берди:

бошланғич синфлар учун мактабларда бепул овқатланиш рационини ҳар бир ҳудуднинг турмуш шароитидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш лозим.

Болаларнинг 61 фоизи ҳар куни гўшт истеъмол қилади

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги болалар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, болаларнинг 77 фоизи ҳар куни ёнғоқ, узум, қуритилган ўрик, сабзавот ва меваларни истеъмол қилади (Республиканинг бошқа ҳудудларида 88 фоиз). Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида болаларнинг 61 фоизи ҳар куни гўшт истеъмол қилади, бошқа вилоятларда эса бу кўрсаткич 73 фоизга тенг.

Қорақалпоғистонда мактабларининг 53 фоизида мактаб ошхонаси ёки буфети бор

Умумий бошланғич таълим мактаблардаги болаларни (1-4 синф ўқувчиларни) кунига камида бир марта бепул иссиқ овқат билан таъминлаш учун ҳар бир мактабда ошхона ташкил этилиши керак.

Хоразм вилоятидаги мактабларнинг 75 фоизи, Қорақалпоғистон Республикасидаги мактабларининг 53 фоизида мактаб ошхонаси ёки буфети бор.

Россияда умумий бошланғич таълим (1-4-синфлар) мактаб дастурлари бўйича таълим олаётган барча ўқувчиларга кунига камида бир марта бепул иссиқ егулик: иссиқ овқат ва иссиқ ичимлик берилади.

Калория, таркиб ва оғирлик

Таомлар калорияси, таркиби ва оғирлиги бўйича стандартларга жавоб бериши керак. Рационда макро-микроелементлар, витаминлар, целлюлозага бой ва биологик фаол моддалар билан бойитилган озиқ-овқатлар, шунингдек, чекланган миқдордаги ёғ, шакар ва туз бўлган овқатлар бўлиши керак;

“Мактаб сути”

Сут ва сут маҳсулотларини мактабда овқатланиш рационига киритиш натижасида камида уч йил давомида ҳар бир боланинг бўйи ва вазни ошади, касалликка чалиниш даражаси ва моддалар алмашинуви бузилиши билан боғлиқ касалликлар камаяди;

Хитойда болаларнинг бўйи “Мактаб сути” дастури туфайли тез ўса бошлади. Хитойда бу дастур 2000 йилда бошланган ва 13 йил ичида аҳоли жон бошига сут маҳсулотлари истеъмоли йилига 6,7 кг дан 23,9 кг гача ошган. Уч йил давомида мактаб сутини олган ҳар бир боланинг бўйи ўртача 1,2 см ва вазни 0,6 кг га ошган.

“Мактаб сути” туфайли россиялик болалар камроқ касал бўла бошлади. Болаларда таянч-ҳаракат тизими, эндокрин тизим ва метаболик касалликлар билан касалланиш ҳолатлари камайди.

Бепул овқатланиш сифатини баҳолаш

Мактабларда бепул овқатланиш сифатини баҳолашнинг (болалар ва уларнинг ота-оналаридан сўров ўтказиш имкониятига эга) онлайн электрон платформасини яратиш зарур, бу эса жамоатчилик назоратини кучайтиради ва мунтазам мониторинг олиб бориш имкониятини беради.

Швецияда маҳаллий ҳокимият органлари, жамоатчилик ва мактаб маъмурияти бепул овқатланиш сифатини баҳолаш учун “Skolmat sverig” деб номланган онлайн платформадан фойдаланади. Платформада овқатланиш сифатини баҳолаш кўрсаткичлари мавжуд бўлиб, ҳар қандай фуқаро ёки ташкилот мактабдаги тушлик сифатининг тавсия этилган меъёрларга мувофиқлигини текшириш, унинг сифатини ошириш бўйича таклифлар киритиш, болалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўров ташкил этиш имкониятига эга.

Бепул овқатланиш қамровини кенгайтириш

Ўзбекистонда мактабларда бепул овқатланиш қамровини кенгайтириш ва дастурни молиялаштириш учун донорлар, ҳам миллий хусусий сектор, ҳам халқаро ташкилотлар жалб этилиши мумкин.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (WFP)нинг вазифаси барча болаларнинг мактабда овқатланиши ва соғлом турмуш тарзига эга бўлишини таъминлаш ва уларнинг ўқишга қизиқишини ошириш учун бутун дунё ҳукуматларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Шундай қилиб, мактабда овқатланиш сиёсатини жорий қилган мамлакатлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бугунги кунда дунёда мамлакатларининг 87 фоиздан ортиғи мактабда овқатланиш дастурларини болалар учун нафақат таълим сифатини ошириш, балки соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун ҳам қўлламоқда. Ўзбекистон ҳам болалар ва келажак авлодларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда фаровонлигини оширишга қаратилган ушбу илғор воситадан фойдаланишни мақсад қилган.