$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Сарҳисоб: “Совуқ урган”, талон-торож устаси, қилмишларидан пушаймон, масъулиятсиз, мутлақ тоза — йил давомида лавозимидан кетган ҳокимлар

ҳоким

Йил давомида кўплаб шаҳар ва туман ҳокимлари турли сабабларга кўра ўз вазифасидан озод этилди. Кимдир жиноий ишлари сабаб, кимдир лайоқатсизлиги, яна кимдир ўз хоҳишига кўра. Келинг, йил давомида ўз ўриндиғини бўшатган ҳокимлар билан танишамиз. Ўзи улар нима сабабдан бундай ишга қўл урган?  

Тошкент шаҳри

Йил кетишларини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошлаб беради. 16 январь куни давлат раҳбари ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилиш бўлиб ўтади. Йиғилишда вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилади. ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилади. 

Шундан сўнг, эртаси куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши ўзининг Телеграм каналида “Сизга, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан Тошкент шаҳримиз равнақи йўлида қўшган ҳиссангиз ва машаққатли меҳнатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз”, — дея ҳокимнинг қабулидан олинган видео илова қилинган пост жойлаб, бироздан сўнг ўчириб юборади.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 21 декабрида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этган.

Асака тумани 

Жорий йилнинг 24 мартида Андижон вилояти Асака тумани собиқ ҳокими Мансур Алихоновга нисбатан 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судининг 2023 йил 27 январдаги ҳукми билан Мансур Алихонов ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва ер бериш тартибини бузиш жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 

Маълумот учун, Мансур Алихонов 2020-2022 йилларда Асака тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Нурафшон шаҳри

7 апрел куни Халқ депутатлари кенгаши сессиясида Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлган Нурафшон шаҳрининг ҳокими Музаффар Солиев ўз лавозимидан озод этилади. У уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимида ишлаган вақтидаги ҳолат билан боғлиқ иш бўйича терговга жалб этилган бўлиши мумкин, деган гумонлар бор.

Маълумот учун, Музаффар Солиев 2017 йил 5 июлдан 2021 йил январигача уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимида ишлаб келган. Солиев 2021 йил 15 январда Нурафшон ҳокими лавозимига ўтган.

 Урганч шаҳри

4 июль куни Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 4 июль куни жиноят ишлари бўйича Хива туман судида судланувчи Шуҳрат Абдуллаев мансаб сохтакорлиги ва ер бериш тартибини бузиш билан айбдор деб топилиб, 2 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Қизиғи, кейинчалик Шуҳрат Абдуллаев Олий суднинг кассация инстанциясида озодликка чиқарилди. Бундай ҳукмга унинг пушаймонлиги ва моддий зарарни тўлиқ қоплагани сабаб қилиб кўрсатилган. 

Фарғона вилояти 

Жорий йилнинг 27 июль куни Қўқон шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Фарғона вилоятининг бир қатор мансабдорлари ва ҳокимлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилади. Ҳудудида ишларни лозим даражада ташкил этмагани учун Риштон тумани ҳокими С.Солиев ва Марғилон шаҳар ҳокими А.Зиявитдинов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинади.

Термиз шаҳри

27 июлъ куни Термизнинг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев 11 йилга озодликдан маҳрум этилади. (https://t.me/AzizAbidov/4071) Собиқ ҳоким Жиноят кодексининг 7 та моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилади. Жумладан, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва пора олиш шулар қаторидан ўрин олади. Унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Зангиота ва Бекобод тумани

3 август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Зангиота ва Бекобод туманлари ҳокимларини ўз аризасига кўра лавозимидан озод этади. Бунга сабаб, воқеадан бир кун аввал президент ўша ҳудудларда саноат ишлаб чиқариши пасайганини танқид қилган бўлиши эҳтимоли юқори. Маълумот ўрнида, Абдиваҳоб Тамикаев олти йил Зангиотани бошқарган — 2017 йилнинг июлида ҳокимият тепасига келган. Фурқат Худойбердиев эса 2020 йилнинг февралидан Бекобод туманини бошқариб келган.

Қизиғи, йил охирида Худойбердиевнинг ўрнига келган Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев бюджет пулларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда сайтимизда чиққан материалда батафсил ўқиб олишингиз мумкин. (https://uz24.uz/uz/articles/antikorrupsiya-12-19)Шуҳрат Мирзаев Тошкент вилояти Бекобод туманига ҳоким бўлишдан аввал “Qishloq qurilish bank” Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Қизиғи шундаки, Шуҳрат Мирзаев Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритган.

Зарафшон шаҳри

20 февраль куни 2018−2022 йилларда Зарафшон ҳокими бўлган Ражабов ер ажратиш билан боғлиқ масалада айбдор деб топилиб, озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди жиноий ишни кўриб чиқиб, Ражабовни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлиги билан айбдор деб топган. Суд Ражабовни 2 йилу 6 ой ҳокимият тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, унга 3 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Анвар Ражабов 2018 йил 25 майда Зарафшон шаҳри ҳокими этиб тайинланган. У 2022 йил 19 апрелга қадар ҳоким лавозимида ишлаган.

Кармана тумани

31 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев йиғилишда ҳудудларда электр энергияси ўғирланиши билан боғлиқ вазиятни танқид қилиб, 10 ой давомида 452 та майнинг қурилмаси орқали 5,5 млн кВт·с электр энергиясини ноқонуний ишлатилганини пайқамагани сабаб, Кармана тумани ҳокими, прокурори, департамент бошлиғи, ички ишлар, электр тармоқлари раҳбарлари ишдан олинади. Ушбу раҳбарларнинг барчаси ишдан олиниши белгиланди, Бош прокуратурага уларнинг ҳаракатига баҳо бериб, қонун устуворлигини таъминлаш топширилади.

Шўрчи тумани 

Жорий йилнинг 4 сентябрида Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Худойберганов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят ишлари бўйича Олтинсой тумани суди 4 сентябрь куни 47 ёшли Бахтиёр Худойберганов бир гуруҳ шахслар томонидан, кўп миқдорда, мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, бюджет ва смета-штат интизомини жуда кўп миқдорда бузиш ва такроран мансаб сохтакорлиги каби жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Бухоро тумани

Аввалроқ сайтимизда Бухоро тумани ҳокими Хайрилло Жўраев учта модда бўйича гумон қилиниб, қамоққа олингани ҳақида хабар берган эдик. Ҳоким Жиноят кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229-4-моддаларида (ўзбошимчалик билан ер бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда. Жўраев Бухоро тумани ҳокими лавозимига 2020 йилнинг 3 декабрь куни тайинланган ва 3 йил давомида ҳокимлик лавозимини бажарган. Бунгача у «Ғиждувон» ЭИЗ раҳбари вазифасида ишлаб келган.

Избоскан тумани

21 декабрь куни манбаларга кўра, Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов ҳибсга олинган. Серобиддин Исмоиловга нисбатан ноқонуний қарорлар билан ер майдонларини ажратишда талон-торожликка йўл қўйгани учун жиноят иши қўзғатилган.

“Оқ қарға”

Мақоламизни бошидан бери ўқиб келаётган муштарийларимизнинг кўнгли ҳеч ўксимаса ҳам бўлади. Келинг, таҳлилимизни венециянча якунлаймиз. 22 декабрь куни 2009 йилдан бери Навоий вилояти Томди тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Кайрат Алдабергенов ўз хоҳиши ёки аризасига кўра, лавозимидан озод этилади.

Кайрат Алдабергенов 1966 йилда вилоятнинг Нурота туманида туғилган. Узоқ йиллар давомида солиқ органларида ишлаган. 2009 йил 27 декабрдан бошлаб 14 йил давомида Томди туманини бошқарган. 2014 йилда “Дўстлик” ордени, 2021 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.