$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Янги йил олдидан “янгича ов” бошланди

turma kishan

27 ноябрдан бошлаб жиноятчиликка қарши ўтказилаётган "Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари доирасида кўплаб “кўча” гуруҳлари ва шахслари қўлга олиниб келинаётган эди. Афтидан, эндиги навбат “ичкари”га ўхшайди. 

Бошланғич нуқта

Фермерларнинг пахта нархлари бўйича шикоятлари кўпайиши ортидан (эҳтимолий) жорий йилнинг 25 октябрида Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимидан озод этилган Азиз Воитов орадан салкам икки ой ўтиб, коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган. Аввал бошида у иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ иш юзасидан тергов қилинаётганлиги айтилганди. Сўнгра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод тумани судида Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган Азиз Воитовга нисбатан Бош прокурор ўринбосарининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов ўз расмий саҳифасида ёзиб қолдирган.

Маълумот учун, Азиз Воитов 2022 йил август ойи охиридан бери вазир лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача эса – 2020 йил март ойидан бошлаб – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг (ўша вақтда Сардор Умурзаков) биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Навбат ҳокимиятларга

Вазирдан бошланган “ов” ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари билан давом эттирилди. Биринчи бўлиб, Бекобод тумани ҳокими, ундан кейин Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари, сўнгра Бухоро тумани ҳокими қўлга олинган.

Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Мирзаев бюджет пулларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Шуҳрат Мирзаев Тошкент вилояти Бекобод туманига ҳоким бўлишдан аввал “Qishloq qurilish bank” Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Қизиғи шундаки, Шуҳрат Мирзаев Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритган.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов ерларни ноқонуний сотиш билан боғлиқ иш доирасида айбланмоқда.

Маълумот учун, Султонов меҳнат фаолиятини 1998 йилда Наманган тумани давлат кадастри бўлими етакчи мутахассиси вазифасидан бошлаган. 2001-2012 йиллар давомида вилоят ва Наманган шаҳар кадастр корхоналарида турли лавозимларда ишлаган. 2012-2018 йилларда Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари бўлган. Ҳоким ўринбосари лавозимига тайинланишидан олдин 2018 йилдан Наманган вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Бухоро тумани ҳокими Хайрилло Жўраев учта модда бўйича гумон қилиниб, қамоққа олинган. Ҳоким Жиноят кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207 (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 229-4-моддаларида (ўзбошимчалик билан ер бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Жўраев Бухоро тумани ҳокими лавозимига 2020 йилнинг 3 декабрь куни тайинланган ва 3 йил давомида ҳокимлик лавозимини бажарган. Бунгача у «Ғиждувон» ЭИЗ раҳбари вазифасида ишлаб келган.

Банк ва солиқ тизими “тозаланмоқда”

“Ов” навбати вазирлик ва ҳокимият мансабдорларидан сўнг, банк ва солиқ тизимига ҳам етиб келган. Бу соҳада ҳам жуда кўп нопок ишлар юз бергани қўлга олинган ва гумонланаётган шахслар сонидан маълум. Демак, “серия” давом этади. 

Солиқ қўмитаси марказий аппаратининг икки нафар масъул ходими ва Тошкент шаҳри Солиқ бошқармаси камерал солиқ текширувлар шўъбаси собиқ раҳбари қўлга олинди. Улар ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини яширганликда гумон қилинмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги бош мутахассиси Элбек Сафаров фирибгарлик ҳамда пора беришда гумонланиб ҳибсга олинган.

Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи Эркин Мансуров 20 млн АҚШ доллари миқдорида пулларни ўзлаштиришда айбланиб, қўлга олинган. У жиноий гуруҳлар билан тил бириктириб, кредит маблағлари ажратилишида уларга амалий ёрдам кўрсатгани айтилмоқда.

Фарғона вилояти Солиқ бошқармаси ҚҚС маъмуриятчилиги бўлими бошлиғи Жасур А. ҳамда Фарғона вилояти Солиқ бошқармаси ҚҚС маъмуриятчилиги бўлими давлат солиқ катта инспектори Комилхўжа С. Жиноят кодексининг солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш ҳамда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, ҳибсхонага жойлаштирилган.

Фарғона шаҳар солиқ инспекцияси сайёр солиқ текширувлари шўъбаси бош инспектори Абубакир А. пора олишда гумонланиб, қўлга олинган.