$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Иқлим ўзгариши сизни ўлдириши мумкин?

Ifloslanish

Бугунги кунда инсониятнинг қаршисидаги глобал муаммолардан бири бу – иқлим ўзгариши. Унинг асоратлари бутун сайёрамиз аҳолиси саломатлигига жиддий хавф солибгина қолмай, миграцияни ҳам авж олдирмоқда.

1,2 миллиард мигрантлар

Ҳозирги даврда иқлим ўзгариши бутун дунёга таъсир қилиб, бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Дунё аҳолисининг заиф қатламлари яъни дунёнинг деярли ярим аҳолиси иқлим ва иқлимий бўлмаган омиллар туфайли йилнинг камида маълум бир қисмида жиддий сув танқислигини бошдан кечиради. Бу вазият кўп ҳолларда аҳоли ўлимига ёки ўз уйларини ташлаб кетишига сабаб бўлмоқда. Сўнгги тадқиқотларга кўра, иқлим ўзгариши туфлайли яшаш жойини ташлаб кетган мигрантлари сони 2050-йилда 1,2 миллиардга етиши мумкин. Атроф-муҳит, ривожланиш ва хавфсизлик ўртасидаги боғлиқлик Марказий Осиё республикаларининг минтақавий ландшафтига таъсир қилувчи асосий омил ҳисобланади.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам СОР28 – халқаро иқлим форумида такидлаб ўтди.

Иқлим ўзгариши бўйича қилинаётган тадқиқотларга кўра, сўнгги 50-60 йил ичида иқлим шароитининг ўзгариши натижасида Марказий Осиёда музликлар юзаси 30 фоизга қисқарган. Бу дарёлар ва уларнинг экотизимларига жиддий таъсир кўрсатди. Охирги бир неча ўн йилликда ўртача йиллик ҳарорат 1,5 даражага кўтарилди ва аср охирига келиб 2 даражадан 5,7 даражагача ошиши тахмин қилинмоқда.

Бу борада ўлим ҳолати қандай?

ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесуснинг маълум қилишича, агар вазият ўнгланмаса, келгуси ўн йилликда иқлим ўзгариши билан боғлиқ омиллар ҳар йили 250 минг кишининг умрига зомин бўлиши мумкин.

Аномал иссиқ, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, музликлар эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши... Бундай омиллар Ер шарининг турли нуқталарида ўлим ҳолатлари ва касалликлар сони ортишига олиб келяпти. Жаҳон соғликни сақлаш ташкилоти бу борадаги сўнгги таҳлилларни оммага тақдим қилди. Унга кўра, кейинги 20-йил ичида 65 ёшдан катта инсонлар ўртасида жазирама ҳароратдан вафот этиш кўрсаткичи 70 фоизга ошган. Бундан ташқари, тоза ичимлик суви танқислиги 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ўлим ҳолатларининг асосий сабабларидан бирига айланган.

Бундан бир неча кун олдин сайтимизда ҳаво ифлосланиши ва унинг оқибатлари ҳақида мақола жойланган эди. Унга кўра, ҳар йили ҳаво ифлосланишидан 7 миллион атрофида инсонлар ҳалок бўлиши айтилган.