$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Ҳаво cабаб йилига 6.7 млн. киши нобуд бўлади, булар қаторида ўзбекистонликлар ҳам бор

air pollution

Бугунги кунда янгидан-янги технологиялар, кимё фабрикалари, улардан чиқаётган чиқинди моддалари, ишлаб чиқаришлар, урбанизация, дарахтлар ўрнига замонавий бинолар, сунъий шаҳарларнинг барпо қилиниши — булар барчаси атроф муҳитнинг замонавий қотилларидир. Техник эволюция асрида яшар эканмиз биздаги асосий муаммо экология бўлиб қолаверади.

Дунё бундан бехабарми?

Албатта, ривожланиш асрида ишлаб чиқариш, янги техник имкониятлар, кимёвий заводлардан кечиш имконсиз. ХХ аср охири ХХI аср бошларида бу ҳол шу қадар ривожландики, натижада атмосферага таъсир кўрсатиб, атроф-муҳит инқирозга юз тутди. Эндиликда ушбу ортга қайтмас бу жараён ҳаммани ҳавотирга солиб, ҳатто қарши кураш ҳаракати бошланди. Электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтилди, дунёнинг ривожланган давлатлари АЭСлардан воз кечди, сунъий боғларни яратиш йўлга қўйилди ва ҳар бир давлат ўз ҳудудидан келиб чиқиб, чора-тадбирлар кўришни бошлади.

Аммо, ҳаво ифлосланиши сабабли йўқотишлар сони камайиш ўрнига ошиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўткизган тадқиқотларга кўра, дунё аҳолисининг 99 фоизи ҳавонинг ифлосланиш даражаси кўрсатмаларидан ошиб кетадиган жойларда яшайди ва ҳар йили ҳаво ифлосланишидан 6,7 миллион киши ҳалок бўлади.

Ўзбекистонда ҳолат қандай?

Охирги пайтлар юртимиз ҳавоси ифлосланган мамлакатлар рейтингда ТОП10 ликдан тушмаётгани ҳақидаги хабарларга кўзингиз тушаётган бўлса керак. Тошкент шаҳри эса ҳаттоки, биринчи ўринга чиқишга ҳам улгурган эди. Легалум институти томонидан ҳар йили тузиладиган индексда эса Ўзбекистон фаровонлик индекси бўйича 167 та давлат ичидан 162-ўринни эгаллаган. Бу эса вазият анчагина оғирлигидан далолат. Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесишга эълон қилинган мораторий даврида 44 мингга яқин, шу жумладан, 9500 га яқин қимматбаҳо дарахт турларининг ноқонуний кесилиши оқибатида табиатга 36 миллиард сўмлик зарар етказилган. Бу ҳали чеклов давридаги кўрсаткич.

Бундан ташқари, 2022 йилда жами 27 та экологик ҳуқуқбузарлик бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, улар фақат енгил молиявий жазо билан кифояланган холос.

Ҳар йили Ўзбекистонда ўртача ҳисобда 900 минг тонна атрофида ифлосланувчи моддалар атмосферага чиқарилади. Ўткан йили эса бу кўрсаткич 874 минг тоннага етган эди.

Муҳофаза остидаги ҳудудлар ҳам муаммо гирдобида

Мамлакатимизда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларга тўхталадиган бўлсак, ҳар йили ушбу кўрсаткич ортиб бормоқда. 2020 йилда 1 570,6 гектарни ташкил қилаётган бўлса, 2022 йилга келиб эса бу рақамлар 4 472,5 гектарга етди. Лекин, ачинарлиси шундаки, Андижон, Навоий, Наманган, Фарғона, Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдони 0 га тенг. Бу эса вилоят ҳамда шаҳарларни ҳавосига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Шу тарзда давом этса, нималарга олиб келади?

Ҳавонинг ифлосланиши шундай давом этадиган бўлса, инсониятга ва унинг яшаш тарзига ҳамда атмосферага жиддий зарар етказиши мумкин. Бу масала, асосан, 5 хил кўринишда амалга ошади:

- Соғлиққа таъсири: Ифлосланган ҳаводан нафас олиш астма, бронхит ва бошқа сурункали оъпка касалликлари каби турли хил нафас олиш муаммоларига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, аллергия каби мавжуд шароитларни ёмонлаштириши ва юрак-қон томир касалликларининг ривожланишига ҳисса қўшиш эҳтимоли юқори. Ифлосланган ҳаводан узоқ вақт нафас олиш ўпка саратони ва бошқа онкологик хасталиклар хавфини оширади.

- Атроф-муҳитга таъсири: Ҳавонинг ифлосланиши экотизимлар ва ёввойи табиатга зарар йэтказиши турган гап. Ифлослантирувчи моддалар тупроқ ва сувда жойлашиши мумкин, бу ўсимликларнинг ўсишига таъсир қилиб, яшилликни кескин туширади. Бу жараён сув ҳавзаларига ҳам кучли хавф туғдиради ва аҳолини истеъмолга яроқли сувдан фойдаланиши кескин пасайиб кетади. Бундан ташқари, ўрмонлар, экинлар ва сув ҳаётига зарар этказадиган кислотали ёмғирга олиб келиши ҳам мумкин. Яна бир масала, ҳаво ифлосланиши таъсири сабаб атмосферада иссиқхона газлари концентрациясини ошириш орқали иқлим ўзгаришига ҳисса қўшиб, глобал иссиқлик юзага келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

- Иқлим ўзгариши: Карбонат ангидрид (CО2) ва метан (СH4) каби баъзи ҳавони ифлослантирувчи моддалар атмосферада иссиқликни ушлаб турадиган иссиқхона газлари бўлиб, глобал исиш ва иқлим ўзгаришига олиб келади. Бунинг натижасида ҳарорат кўтарилади, об-ҳаво сҳароити ўзгаради. Дунёга хавф солаётган Арктика музларини эриши ҳам жадаллашиб, хавф икки карра ортади.

- Кўришнинг қисқариши: Ҳаво бузилиши туманли шароитларни келтириб чиқариши ва кўришни камайтириши мумкин, айниқса шаҳарларда. Бу нафақат атроф-муҳитнинг эстетикасига таъсир қилиш билан бирга транспорт ҳаракатларига хавф туғдиради.

- Иқтисодий таъсир: Атмосфера бузилиши оқибатлари, жумладан, соғлиқни сақлаш харажатлари, экинлар ва инфратузилмага этказилган зарар жамиятлар ва мамлакатларга сезиларли иқтисодий таъсир кўрсатиб, мамалакатлар таназзулига олиб келади.

Ўзбекистон буни тушуниб етмоқда.

Атмосферанинг ифлосланишини бартараф этиш учун эмиссияларни камайтириш, тоза энергия манбаларини тарғиб қилиш, саноат амалиётини яхшилаш ва барқарор транспорт имкониятларини қабул қилиш каби жамоавий саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Мамлакатимизда экологияни яхшилаш ва ҳимоя қилиш бўйича керакли чора тадбирлар кўришни бошлаган. Охирги чиқаётган қарорларга қарайдиган бўлсак, охириги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, ноқонуний дарахтлар кесилишига бериладиган жазо кучайтирилиши ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатлари экологик ҳолатни янада яхшилашга қаратилган — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқди. Депутатларнинг такидлашича қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли, мазкур қонун лойиҳаси билан қонун ҳужжатларига атроф муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа обектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгаришлар киритилмоқда.

Атроф-муҳит, экология биргина чиқаётган қонунлар билан ҳимояланиб қолмайди. Афсуски, орамизда ўзининг атроф-муҳитига, соғлигига бефарқ бўладиган одамлар талайгина. Кўчада исталган жойига ахлат ташлайди. Бу орқали у биргина ахлат парчаси билан экологияга зиён еткизмайди деб ўйлаши ҳам мумкин. Ваҳоланки, шундай фикрловчи одамлар сабабли, табиат чиқиндиларга тўлмоқда. Аҳоли ўртасида яшаш маданиятини ва атроф-муҳит этикасини шакллантириш ҳам экологияга анчагина таъсир кўрсатиши мумкин.

“Тома-тома кўл бўлур”

Экологияни ҳимоя қилишда фақатгина давлат эмас жамиятнинг ҳам ҳисса анчагина. “Бир киши бу борада нима қила олади?” деган савол бўлса, бир қанча кундалик юмушлар орқали ҳам инсон ўз таъсирини кўрсатади. Бунга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:

- Истеъмолни камайтириш, иложи борича нарсаларни қайта ишлатиш ва қоғоз, пластмасса, шиша ва металл каби материалларни қайта ишлаш орқали чиқинди ҳосил бўлишини минималлаштиринг. Бу хомашёга бўлган эҳтиёжни камайтиради ва ресурсларни тежашга ёрдам беради.

- Қуёш, шамол ва гидроенергетика каби қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш орқали ҳам экологияга маълум бир даражада фойда келтириш мумкин. Бу қазиб олинадиган ёқилғига боғлиқликни пасайтириб, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради ва иқлим ўзгаришини юмшатади.

- Сув оқувчи носоз тизимларни тамирлаш, сувни тежайдиган асбоблардан фойдаланиш, қисқароқ душ қабул қилиш ва сувни кераксиз исроф қилишдан қочиш орқали сувни тежашга эришса бўлади. Сув қимматбаҳо ресурсдир ва уни сақлаш экотизимларини ҳимоя қилиш барқарор сув таъминотига ёрдам беради.

- Иложи борича пиёда, велосипедда ёки жамоат транспортидан фойдаланиш каби экологик тоза транспорт турларини танлаган маъқул. Агар машина ҳайдаш зарур бўлса, ҳаво ифлосланиши ва углерод чиқиндиларини камайтириш учун электр токи билан ишловчи транспортлари фойдалироқдир.

- Дарахтлар карбонат ангидридни сингдириш ва кислородни чиқаришда муҳим рол ўйнайди, яшил майдонлар эса ёввойи табиат учун яшаш муҳитини таъминлайди ва тоза ҳавога ҳисса қўшади. Дарахт экиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва табиий ҳудудларни асраб-авайлаш муҳим омил.

- Юқорида айтилганидек, одамларга экологик билим бериш муҳим. Атроф-муҳит муаммолари ва табиатни муҳофаза қилишнинг аҳамияти ҳақида хабардорликни ошириш керак. Бошқаларни барқарор амалиётларни қўллашга ва кундалик ҳаётларида атроф-муҳитга эътиборли бўлишга чақириш аҳамиятли.

- Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қайта тикланадиган энергия ва барқарор амалиётларни қўллаб-қувватловчи қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳам сезиларли даражада таъсир кўрсата олади. Маҳаллий, миллий ва глобал даражадаги экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ташаббусларда фаол иштирок этиш билан ҳам инсон ўз ҳиссасини қўша олади.

“Буни сен қилганинг билан, бошқа ҳеч ким қилмайди, табиат барибир ёмонлашиб бораверади” деган стериотиплар билан юрадиган одамларга, аҳамият бермаган ва яқинлашмаган маъқул. Зеро, улар билан суҳбат қилиб, уларга доминантликни берсангиз, албатта, экология ҳечқачон яхшиланмайди.