$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

«Миллионлар ўйини»нинг миллионлари (2-қисм)

Миллионлар ўйини Millionlar o

Осиё Кубоги якунланишига икки кун қолди. Финалда кўпчилик кутмаган жуфтлик, Қатар ва Иордания. Аввалги мақоламизда жамоаларнинг маълум босқични босиб ўтганликлари учун мамлакат президенти ёки федерация ҳамда ассоциация томонидан мукофот пуллари билан тақдирланаётганини маълум қилган эдик. Мақоламиз сўнгида турнир якунига яқин Ўзбекистон вакиллари учун аталган мукофот пуллар ва ОФК томонидан ажратиладиган пуллар миқдорини аниқлашни ваъда қилгандик. Бу галги мақоламизда Ўзбекистон вакиллари, ҳакамлар ва футболчиларимиз Қитъа биринчилигида қанча ишлаб топишганларини очиқлаймиз.

Ўзбекистонлик ҳакамлар Осиё Кубогида

Осиё Кубогида Ўзбекистондан Илгиз Танташев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи иш олиб борди. Улар бош ҳакам — Илгиз Танташев, ёрдамчи ҳакамлар — Тимур Гайнуллин ва Андрей Цапенко. Маълум бўлишича, яна бир ҳакамимиз Аҳрол Рисқуллаев мусобақа ҳакамлари рўйхатидан жой олган, аммо жароҳат туфайли турнир бошланмасидан аввал ортга қайтишга мажбур бўлган. Танташев Осиё Кубогининг 3 та ўйинида бош ҳакам ва яна 3 та тўқнашувида захира ҳаками бўлиб ишлади. Танташев гарданига юклатилган энг муҳим ўйин Жанубий Корея ва Саудия Арабистони ўртасидаги муросасиз баҳс бўлди. Бу ўйиндан сўнг кўплаб ўзбекистонлик футбол мутахассислари Танташев жамоасини финалда ҳам кўришимиз мумкинлигини тахмин қилди. Ростдан ҳам финалда Ўзбекистон вакиллари ишлайдиган бўлди, бироқ жамоа тарзида эмас. Финалда Илгиз Танташев захира, Андрей Цапенко эса бешинчи ҳакам сифатида ишлайди. Мутахассиснинг фикрига кўра,Танташевнинг финални олиши учун жамоага ўзбекистонлик ВАР ҳаками етишмаган. Маълумот учун, ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси 1996 йилдан то бугунги кунга қадар иккита финални Равшан Эрматов бошчилигида бошқарган. 

Ҳакамлар бригадаси “қанча ишлади”?

Танташев бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи 4 январь куни Доҳага етиб боришган. Мусобақанинг финал ўйини 10 февралда бўлишини инобатга олсак, ҳакамларимиз жами 37 кун давомида ОФК ихтиёрида бўлган бўлади. ОФК ҳакамларнинг мусобақадаги ҳар ўтажак куни учун 300 АҚШ доллари тўлайди. Демак, Илгиз Танташев мисолида ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, биргина Танташевнинг ўзи 37 кун учун 11 100 доллар, бундан ташқари, маълум бўлишича, Осиё Кубогидан аввал ўтказилган имтиҳондан муваффақиятли ўтган ҳар бир ҳакамга минг АҚШ долларидан берилганини инобатга олсак, умумий ҳисобда 12 100 АҚШ доллари ишлаб топади. Шунингдек, Африка Кубогидаги кабир ҳар бир ўйин учун алоҳида 500 ва 750 доллар бериладиган бўлса, Танташев эҳтимолий ҳисобда 15 100 АҚШ доллари ишлаб олган бўлиши мумкин. Бугунги кунда 12 100 АҚШ доллари ўзбек сўмида 149 миллион 460 минг сўмни, 15 100 АҚШ доллари эса 186 миллион 517 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Миллион долларлик лотерея

Осиё Кубогининг умумий мукофот суммаси 14 800 000 АҚШ долларини ташкил қилиб, шундан 5 миллиони чемпион жамоага, 3 миллиони финалчига ва 1 миллиондан ярим финалга қадар етиб келган икки жамоага ажратилади. Шунингдек, мусобақанинг финал босқичида иштирок этган барча жамоа ҳисоб рақамига 200 000 минг АҚШ долларидан  ўтказиб берилади. Афсуски, нимчорак ва чорак финал босқичлари учун алоҳида мукофот суммалари ажратилмаган. Шундай қилиб, терма жамоамиз пенальтилар сериясида Қатарга миллион АҚШ долларини бой берди.

Терма жамоа футболчилари қанча мукофот олади?

Аввалги мақоламизда айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон футболида молия ва моддият билан боғлиқ маълумотлар, деярли, очиқланавермайди. Шундай бўлишига қарамай, биз сиз азиз муштарийларимиз учун ушбу маълумотни аниқлашга ҳаракат қилдик. Одатда, футболчиларга терма жамоа сафидаги ўтказган вақти ёки мусобақалардаги иштироки учун маълум миқдордаги маош белгиланмайди. Фақатгина мукофот пуллари берилиши мумкин, холос. Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогида умумий ҳисобда 5 та ўйин ўтказиб, уларнинг 2 тасида ғалаба, 2 тасида дурранг ҳамда 1 тасида мағлубиятга юз тутди. Бизга маълум инсайдларга кўра, жамоа аъзоларининг ҳар бирига Қатарга қарши ўйингача бўлган натижалар учун 6 000 АҚШ долларидан мукофот пули ваъда қилинган.

Ҳозирча билганларимиз шулардан иборат. Футболчи ва ҳакамларимизнинг келгуси фаолиятларида омад ва топаётган даромадларига барака тилаймиз. Умид қиламизки, кун келиб ўзбек футболида ҳам молиявий маълумотлар эркин очиқланадиган бўлади. Осиё Кубоги давомида мукофотланган бошқа терма жамоалар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлишни истасангиз, аввалги мақоламизни мутола қилишингиз мумкин. «Миллионлар ўйини»нинг миллионлари (1-қисм)

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot