$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

“Миллионлар ўйини”нинг миллионлари

afc 2023

Айни кунларда икки қитъа, Осиё ва Африкада мамлакатлар ўртасидаги қитъа кубоги ўйинлари ўзининг авж палласига етиб келган. Яъни, плей-офф ўйинлари давом этмоқда. Ушбу мусобақалар давомида жамоаларга кўрсатаётган натижаларига кўра, давлатларнинг турли хил мақомдаги олигархлари ёки маълум бир ташкилотлари мукофот пуллари ажратиб бормоқда.

113 минг "кўкат"дан мосуво қолган Таиланд

Маълум бўлишича, куни кеча Ўзбекистон терма жамоасига қарши майдонга чиққан Таиланд терма жамоасига вакилларимиз устидан қозониладиган ғалаба учун 113 минг доллар мукофот пули қўйилган. Аниқроғи, жамоа бош менежери Нуалпан Ламсам Ўзбекистон устидан қозониладиган ғалаба учун таиландлик футболчиларга 4 миллион бат (113 минг АҚШ доллари) ваъда қилган. Бундан ташқари, Нуалпан Ламсам Таиланд терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги муваффақияти учун ҲАМ ўз ҳисобидан 5 миллион бат (141 минг АҚШ доллари) ажратган. Шундай бўлишига қарамай, Ўзбекистон терма жамоасининг кечаги ғалабаси таиландлик футболчиларни юқоридаги мукофот пулларидан мосуво қилган. Маълумот учун, Нуалпан Ламсам Таиланд терма жамоасида бош менежер лавозимида ишлаш билан биргаликда, мамлакатнинг энг бой миллиардерларидан бири ҳисобланади.

Ҳар бирига 5 минг доллар

Яна бир маълумотга таянадиган бўлсак, Сурия терма жамоаси футболчиларининг ҳар бири Осиё кубогининг гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлашгани учун Эронга қарши нимчорак финал ўйини олдидан 5 минг АҚШ долларидан мукофот пули билан тақдирланишган. Гуруҳдошларимиз бугун Тошкент вақти билан 21:00 да Эрон терма жамоасига қарши нимчорак финал ўйинида майдонга тушади.

Жонкуяр бош вазир

Мутасаддилар ичида Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Судани терма жамоага нисбатан ўзгача тарзда эътибор қаратиши билан қолганлардан ажралиб турди. У Иорданияга қарши нимчорак финал ўйини олдидан мамлакатда аҳоли ўйинни кўриши учун иш вақтларини қисқартирди, аммо давлат бош жамоаси шу босқичда мусобақадаги ўз юришини тўхтатди. Маълум бўлишича, Муҳаммад Шиа ас-Судани 2-тур ўйини якунида жамоа кийиниш хонасига ташриф буюриб, футболчиларини Япония устидан қозонилган ғалаба билан табриклаган ҳамда суҳбат охирида терма жамоанинг ҳар бир аъзосига 10 минг АҚШ долларидан мукофот пули тақдим этилишини маълум қилган.

Пешвои миллат "марҳамати"

Осиё Кубоги финал босқичида илк маротаба иштирок этаётган қўшниларимиз, Тожикистон терма жамоаси фантастик натижа қайд этиб, чорак финал босқичига йўл олган. Терма жамоаси Осиё кубогининг 1/8 финалида гуруҳ босқичидан чиққани ва нимчорак финал босқичида ҳам ғалаба қозонгани учун 450 минг АҚШ доллари билан мукофотлаган. Бу ҳақда Тожикистон футбол федерацияси (ТФФ) президенти Рустами Имомали ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилган. Манбага кўра, жамоа чорак финал баҳсида Иордания термаси устидан ғалаба қозона олган тақдирда, яна 200 минг доллар бонус олади. “Рустами Имомали буйруғига кўра, гуруҳдан чиққанидан сўнг Тожикистон терма жамоаси 300 минг доллар миқдорида пул мукофоти олди. Бундан ташқари, Тожикистон терма жамоаси 2023 йилги Осиё Кубоги 1/8 финалида Бирлашган Араб Амирликлари устидан қозонилган ғалабадан сўнг мамлакат футбол федерацияси президенти Тожикистон терма жамоаси учун яна 150 минг доллар бонус ажратди. Агар Осиё Кубоги чорак финалида Иордания термаси устидан ғалаба қозонган тақдирда Тожикистон терма жамоаси қўшимча 200 минг доллар олади”, дейилади манба хабарида. Федерация раҳбарининг таъкидлашича, агар жамоа мусобақанинг кейинги босқич ўйинларида ҳам ғалабаларни қўлга киритса, катта совринлар билан тақдирланади.

Осиё Кубоги мукофот суммаси қанча?

Осиё кубоги старти олдидан мусобақанинг мукофот пуллари расман эълон қилинган бўлиб, турнирда фақат ярим финалгача етиб келган терма жамоаларгина мукофот пулига эга бўлади. Демак, мусобақа мукофот суммаси қуйидагича:

Ярим финал — $1 млн.

Финал — $3 млн.

Чемпионлик —$5 млн.

Дунёдаги вазият қандай?

Таққослаш учун, айни йилда ўтказилаётган ва ўтказиладиган Африка Миллатлар Кубоги, Копа Америка ва Евро мусобақаларидаги рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, рақамлар қуйидагича кўринишда акс этади:

Африка Миллатлар Кубоги

Чорак финал — $1,3 млн.

Ярим финал — $2,5 млн.

Финал — $4 млн.

Чемпионлик — $7 млн.

Копа Америка

Чорак финал —$1,5 млн.

Ярим финал — $2,5 млн.

3-ўрин — $3 млн.

Финал — $5,5 млн.

Чемпионлик — $10 млн.

Европа Кубоги

Иштирок этиш учун — €9,25 млн.

Гуруҳ босқичидаги дуранг — €500 минг

Гуруҳ босқичидаги ғалаба — €1 млн.

Нимчорак финал — €1,5 млн.

Чорак финал — €2,5 млн.

Ярим финал — €4 млн.

Финал — €5 млн.

Чемпионлик — €8 млн.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг чорак финал босқичига йўл олган. Ўзимизнинг қоракўзларга арпа ҳам йўқми, деяётган бўлсангиз, бироз шошмаслигингизни ва мусобақа якунини кутишингизни сўраймиз. Сабаби, ўзбек футболида, одатда, пул билан боғлиқ масалалар доим ҳам очиқланавермайди. Кўпинча мусобақа якунлангач инсайд хабарлар орқалигина бундай маълумотлар маълум бўлади.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot