$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Алласиз бешиклар: Статистикадаги энг оғриқли ўсиш

болалар ўлими

Ўзбекистонда 2022 йилда 6 854 нафар, 2023 йилда 6 178 нафар бола ўлик туғилган. 2022 йилда — 8 056 нафар гўдаклар, 10 290 нафар 5 ёшгача бўлган болалар эрта вафот этган. 

Ота-боболаримиздан “Боланг ортингда қолсин”, деган гап бизга қадар етиб келган. Бунинг негизида ота-она тириклигида фарзанд ўлимига гувоҳ бўлмаслиги, фарзанд доғида куйиб-ёнмаслигига умид ётади. Ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган “туғилишлар статистикасидаги қарама-қаршиликлар” мавзуси фонида бир ҳайрон қиларли жиҳатга кўзим тушди. 

Муаммо ечими 

Маълум қилинишича, Адлия вазирлиги ва Статистика агентлиги туғилишлар бўйича битта манбадан фойдаланади. Шунга кўра, Адлия вазирлиги томонидан ФҲДЁ органлари томонидан бир йил давомида қайд қилинган жами туғилишлар маълумотлари юритилса, Статистика агентлиги фақатгина тирик туғилган болалар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боради. 

“Туғилибоқ бўғилганлар” 

Адлия вазирлигига тегишли манбада 2023 йилда 968 140 нафар боланинг туғилиши қайд этилган. Статистика агентлиги маълумотида бу натижа 2023 йил учун 961 962 нафар, дея қайд этилган. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда 2023 йилда 6 178 нафар бола ўлик туғилган. 2022 йилги статистикага кўз югуртирадиган бўлсак, Адлия вазирлиги манбаси йил мобайнида 939 046 нафар болаларнинг туғилишини қайд этган бўлса, Статистика агентлигидаги бу кўрсаткич 932 217 нафарни ташкил қилган. Демак, 2022 йилги йўқотишлар 6 854 нафар бўлган. 

Оғриқлар рақами 

Юқоридаги статистикадан сўнг мавзуга кенгроқ ёндашиш мақсадида, турли ёшдаги болалар ўлими сони билан танишиб чиқдик. Албатта, рақамлар киши юрагини тирнамай қўймайди. Шундай қилиб 2018 йилда — 7 557, 2019 йилда — 7 472, 2020 йилда — 7 827, 2021 йилда — 8 206 ҳамда 2022 йилда — 8 056 нафар гўдаклар ҳаёт била эрта хайрлашган. Кўриб турганингиздек, рақамлар охирги 5 йилликда ўсиб борган.

5 ёшгача бўлган болалар ўлими сонига эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу кўрсаткич 2018 йилда — 9 829, 2019 йилда — 9 790, 2020 йилда — 9 816, 2021 йилда — 10 680 ва 2022 йилда — 10 290 нафарни ташкил қилиб, худди юқоридагидек, сўнгги беш йилликда ўсиш кузатилган.

Ўлим сабаблари 

Болалар ўлимига сабаб сифатида бугунги атмосфера, экомуҳит, шифокорларнинг нўноқлиги, йўллардаги хавф ва энг асосийси носоғлом жамиятни кўрсатишимиз мумкин. Мисол сифатида мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан ортиқ автоҳалокат содир бўлган бўлиб, унда 2,5 минг нафар одам вафот этган. Ачинарлиси, шулардан 263 нафари болаларга тўғри келади. Бу воқеа жойида юз берган ҳодисалар бўйича статистика. Ҳар доим ҳам автоҳалокатга учраган инсон ўша вақтнинг ўзида вафот этавермаслиги барчамизга маълум. Кимдир бир кунда, яна кимдир бир ҳафта давомида олган тан жароҳати натижасида кўз юмади. Демак, эҳтимолий ўлим даражаси бундан юқорироқ. Вазиятга тиббиёт мисолида ёндашсак, бироз аввал 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилган "Док-1 Макс" ишининг навбатдаги судида 68 нафар бола вафот этгани расман тасдиқланди. Шунингдек, ушбу сиропдан 16 нафар бола оғир, 2 нафари эса енгил тан жароҳати олган.

Умуман олганда, жамиятимиздаги барча бугунги ва бундан олдинги бўлиб келган камчиликлар, бугунимиз ва келажакда мана шу рақамлар орқали акс этиб бораверади.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot