$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Радарлар "соққа воситаси"ми ёки ҳаёт ҳимояси?

radar

Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда кўплаб автоблогер ва жамият учун таниқли бўлган шахслар ўз саҳифасида машина йўллари атрофида қўйилган радарлар, камералар ва тезлик чегарасидан нолиб, чиқишлар қилмоқда. Яна баъзилари эса, ҳаттоки, жарималарни айланиб ўтиш йўлларини очиқ-ойдин намойиш қилмоқда. Аммо нимагадир ушбу мурожаатларга нисбатан вазирлик томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш ёки муносабат билдирилмаяпти? Табиийки, жамоатчилик фаоллари бу ишларни кескин қораламоқда. Масалан, твиттердаги ҳамюртларимиз, аллақачон, ушбу одамларга "террорист", деган ном бериб бўлишган. Ушбу тармоқда, одатда, бошқа мессенжерларга нисбатан бу мавзу кўпроқ ва тўғри талқинда муҳокама қилинади. 100 минг атрофидаги "твиттер халқи" ўз йўлига-ку, аммо, деярли, қолган барча автомабил ҳайдовчи шахслар уларни қўллаб-қувватлашмоқда. Бу жуда ёмон сигнал.

"Рақамлар ёлғон гапирмайди"

Мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан ортиқ автоҳалокат содир бўлган. Унда 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган. Бундан ташқари 2,5 минг нафар одам вафот этган. Ачинарлиси, шулардан 263 нафари болалар. Йўл ҳаракати ва транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ортидан 2022 йилда 2088 нафар инсон вафот этган. Бу воқеа жойида юз берган ҳодисалар бўйича статистика. Ҳар доим ҳам автоҳалокатга учраган инсон ўша вақтнинг ўзида вафот этавермаслиги барчамизга маълум. Кимдир бир кунда, яна кимдир бир ҳафта давомида олган тан жароҳати натижасида кўз юмади. Демак, эҳтимолий ўлим даражаси бундан юқорироқ. Бундан ташқари, автоҳалокат туфайли, танасининг қайсидир қисми ишламай қолаётган, енгил жароҳат олсада, руҳий азобга йўлиқаётган ва энг оғири умрбод тўшакка ёки аравага михланиб қолаётганлар етарлича. Таъкидлаш жоизки, 13 сентябр ҳолатига кўра, ортда қолган 7 ой давомида хавфсизлик камарисиз ҳаракатланган 217 мингдан ортиқ ҳайдовчи аниқланган. Умумий қоида бузишлар 7 ой ичида 7 млндан ортган.

Муҳокама ва муносабат

Бундан икки ой аввал, 19 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар йўллардаги радарлар масаласини муҳокама қилганди. Улар ҳайдовчиларга тезликни қайд этувчи қурилмалар йўлнинг қайси қисмида ўрнатилганини олдиндан билиш имконияти яратилиши керак, деган тўхтамга келишган эди.

Таниқли блогер ва жамоат фаоллари бунга нисбатан ўз саҳифаларида қуйидагича муносабат билдиришган:

"Парламентимизнинг катталари балки йўлларда ўлимни камайтириш бўйича ҳукуматга сўров киритар? Йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳақида қайғуриш керакдир? Ҳалок бўлаётган пиёдалар ҳақида ўйлаш керакдир? Йўқ, буларнинг эси-дарди радар, ҳайдовчиларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш. Уялишса бўларди"

Қобил Хидиров — Davletovuz

Яна бир жамоат фаоли, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Ҳудойбердиев депутатларнинг бу муҳокамаси популистик гаплардан иборат эканини таъкидлаган:

"Булар эса тезликсевар "террористлар"нинг ғамини ейишни истайди. Фақат радар бор жойдагина секин юриб, бошқа жойда "учадиган" қоидабузарларга ёқадиган популистик гапларни гапиради. Уларга ёқмоқчи бўлади. Чунки жамиятимизда радардан "жабр" кўрган тезликсеварлар миллионта, улар бу гапларга қарсак чалади (лекин секин юрса жарима келмаслиги ҳақида ўйламайди). Ўлганлардан эса фойда йўқ, улар депутатларни мақтай олмайди"

Хушнудбекнинг гапларига жавобан Миллий тикланиш партияси етакчиси Алишер Қодиров ўз Telegram саҳифасида пост қолдиради. 

"Биз тезлик эмас, тартиб тарафдори бўлаяпмиз блогер дўстларим, хулоса қилаётганда тезликни оширманг! Ҳамма қоидага риоя қилсин! Тезликни ўлчаш мосламалари белгиланган жойда, белгиланган тартибда турсин ва ишлатилсин, қоидадан мақсад тезликни чеклаш, пул топиш эмас!"

Ҳаммамиз пиёдалармиз

Юқоридаги рақамлардан маълумки, йўлларимиздаги аҳвол жуда ҳавфли даражада. Статистикага таянадиган бўлсак, ҳар куни салкам 6 та инсон автоҳалокатда вафот этаяпти. Бу рақам ортида бутун бошли бир оиланинг чирқираб қолаётгани ва умрининг сўнгига қадар руҳий жароҳат билан яшаши ётибди. Атрофимизда автоҳалокат сабаб, бирор кимидан айрилмаган ё азият чекмаган киши топилмаса керак? Ўша қоидабузарликларни тарғиб қилаётган дўстларимиз Ўзбекистонда 3,5 млндан ортиқ машина ва шунга яраша ҳайдовчи борлигини, қолган барча, ҳаттоки, ўзлари ҳам, яъни 38 миллион ўзбек халқи пиёда эканлигини анганглаб етишлари зарур. Матн сўнгида иқтисодчи Ботир Кобиловдан иқтибос келтириб, мавзуни якунласак:

"Ечимлар ўша-ўша ва оддий — жазо барча учун муқаррарлиги, жазо қоидабузарликка адолатли бўлиши (масалан, қизилда ўтиб кетиш ва тонировка қоидасини бузганлик нисбати), шаҳарлар дизайни барча учун хавфсиз қилиниши (торайтирилган йўллар, кўп светофорлар, тезликни чеклаш, 10—12 полосалик йўлларда светофорсиз пиёда ўтиш жойи бўлмаслиги), автомобиллаштиришни камайтириш, жамоат транспортини мукаммал қилиш вҳкз. Кескин муаммога кескин таъриф ва кескин ечимлар керак."


Теги :
Avto