Дарс вақтида вафот этган ўқувчи қизнинг ўлими сабаблари очиқланди
Ҳолат бўйича суд тиббий экспретизаси тайинланган.
2 daqiqa o‘qiladi

Аввал хабар берилганидек, 16 сентябрь куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида 9-синф ўқувчиси (қиз бола) дарс вақтида тўсатдан вафот этганди. Бош прокуратура Матбуот котиби Uz24 га мазкур ҳодиса юзасидан қўшимча тафсилотларни очиқлади.
Маълум бўлишича, шу куни воқеа жойига туман прокуратураси ходимлари, туман ИИБ тезкор ходимлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси, суд тиббиёт экспертизаси эксперти етиб келган.
Дастлабки тўпланган ҳужжатларга кўра, қиз сурункали касаллик, экспертиза кўригида унинг танасида бирон-бир тан жарохати ва қизлик иффати бузилиши ҳолатлари аниқланмаган.
Суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, қизда ўткир нафас юрак-қон томир етишмовчилиги тез ва қисқа вақт ичида юзага келганлиги унинг ўлимига сабаб бўлган.
Мазкур мактабда ўқув йили жорий йилнинг 14 сентябридан бошланган бўлиб, қиз дарсларга тўлиқ қатнашиб келган ва ўзлаштириши ўрта ҳолатда бўлган (3, 4, 5 баҳоларга ўқиган).
Ўқувчининг синф раҳбари ўз тушунтириш хатида вафот этган ўқувчисида муқаддам касал бўлиш ҳолатлар бўлмаганлигини, дарсларга тўлиқ қатнашиб келмаганлигини, бирон-бир оғир касаллик билан касалланмаганлигини, дарсга келган вақтида ҳам ҳолати яхши бўлганлигини, харорати 36,8 бўлганлигини, ўзи оғир ва босиқ характерли қиз эканини маълум қилган.
Ҳолат бўйича суд тиббий экспретизаси тайинланган. Ҳозирда Шароф Рашидов туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.



