$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Будапешт шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси очиляпти

Фото: Dunyo Фото: Dunyo

Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси (қароргоҳи – Вена шаҳрида) Абат Файзуллаев Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлигида Шарқий мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларга масъул давлат котиби ўринбосари Адам Штифтер билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Тадбирда жорий йилда ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар ва дастурлар ҳамда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Венгрия томони 2022 йил октябрь ойида Ўзбекистон президентининг Венгрияга расмий ташрифи давомидаги музокаралар чоғида эришилган келишувлар натижасида мамлакатнинг Будапешт шаҳрида элчихонаси очилаётганини олқишлади. Ушбу дипломатик ваколатхона ташкил этилиши ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳамда ҳамкорликда белгиланган тадбирлар ва амалий ҳаракатларни тўлақонли амалга оширишга хизмат қилиши билдирилди. «Икки давлат пойтахтида доимий фаолият юритувчи элчихоналар мавжудлиги ўзаро стратегик ҳамкорлик муносабатларимизга тўла мос келади», деб таъкидлади Адам Штифтер.

Томонлар Венгриянинг OTP банки томонидан Ўзбекистоннинг «Ипотека-банки» хусусийлаштирилиши икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро инвестициявий ва савдо алоқаларини жадаллаштиришга имкон яратишини алоҳида қайд этди.

Учрашувда, шунингдек, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундини ўтказиш, Ўзбекистон-Венгрия биринчи ҳудудлараро форумини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.