$
 12928.27
18.47
 13462.21
46.35
 129.66
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

АҚШ яна бир бор Ўзбекистонни Нукус воқеалари пайтида хавфсизлик кучлари қонунни бузган бўлса, уларни жазолашга чақирди

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси

Қорақалпоғистондаги воқеалар иши бўйича 22 айбланувчи устидан суд жараёни якунлангач, АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини жамоатчилик шаффофлиги бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга, шунингдек, қонунларни бузган хавфсизлик кучларини жавобгарликка тортишга чақирди.

АҚШ элчихонаси Қорақалпоғистондаги воқеалар иши бўйича 22 айбланувчи устидан ўтказилган суд жараёни натижалари бўйича баёнот берди.

«Июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар билан боғлиқ ҳаракатларда айбланган 22 кишига оид суд ўз ниҳоясига етар экан, АҚШ элчихонаси ҳукуматни жамоатчилик шаффофлиги бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва Ўзбекистон қонунчилигини бузган ҳар қандай хавфсизлик кучлари ходимларини жавобгарликка тортишга чақиришда давом этади», — дейилади баёнотда.

Қўшма Штатлар ноябрда — суд жараёни бошланишидан аввал ҳам худди шундай баёнот билан чиққан эди.

Декабрь ўртасида Қорақалпоғистондаги воқеаларни ўрганиш бўйича тузилган Мустақил парламент комиссияси сўровидан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Қорақалпоғистондаги 1−2 июль куни юз берган воқеалар вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан намойишчиларга қарши қурол қўлланилгани ҳолати бўйича алоҳида жиноят иши очилгани ҳақида маълум қилди.

Аввалроқ Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам Ўзбекистонни Нукус воқеаларида бўлгани каби ўлим ва оғир жароҳатларнинг олдини олиш мақсадида оломонни назорат қилиш учун шовқин ва тутун чиқарувчи гранаталар қўлланиш тартибини зудлик билан қайта кўриб чиқишга ва уларни ИИО ходимлари жиҳозлари қаторидан четлаштиришга чақирган эди.